ҚҚС можароси: ДСҚ тадбиркорларнинг 915 млрд пулига эга чиқмоқда
Жамият
−
17 Февраль 2021
9704“10 минг тадбиркордан 5 мингги ўзини эпласа, қолгани Россияга “гастарбайтерликка” кетадими?” “Сардобада сув тошганда давлатнинг корига шу тадбиркорлар яради-ку. Ё ДСҚдагилар маошидан кимнидир едириб, ичирдими?” Бу кеча, 16 февраль куни Давлат солиқ қўмитасига тўпланган 100 дан ортиқ тадбиркорлардан эшитганларимиз. Қўмитага йиғилган тадбиркорларнинг барчаси ҳисобрақамидаги пуллар ноқонуний равишда ечиб олинаётгани, ДСҚ 10 мингга яқин тадбиркорга емаган сомсасига пул тўлатаётганидан нолимоқда. QALAMPIR.UZ уларга микрофон тутди.
Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
Тадбиркорларнинг маълум қилишича, солиқ идоралари Солиқ кодексининг 14-моддаси келтирилган бандлар асосида 396 та ноқонуний фаолият олиб борган корхоналарни аниқлаган. Ушбу корхоналар турли операциялар орқали ҚҚС тўламай келган. Эндиликда эса улар тўлаши керак бўлган ҚҚС 10 мингга яқин тадбиркорнинг гарданига тушмоқда. Тўланиши керак бўлган маблға эса оз эмас, нақ 915 миллиард сўм. Энг қизиғи, ДСҚ ҳали вазият ойдинлашмай, исботланмай туриб, тадбиркорлар ҳисобрақамларидаги пулларни тийин-тийинигача ечиб олишни бошлаб юборган.
Тадбиркорларга кўра, солиқ идоралари томонидан уларга ҳолат бўйича огоҳлантириш хатлари берилган, бироқ хатда пуллар ечиб олиниши ҳақида миқ этилмаган.
Тадбирорлар хатга жавоб ҳам кутмай, ҳисоб рақамларидан катта миқдордаги пуллар ечилганини айтишмоқда. Уларнинг барчаси ўзи билан ҳамкорликда ишлаган корхоналарнинг фаолияти қанчалик қонуний бўлганини билмаганликларини айтишмоқда. “Ҳамкорларимизнинг ҳужжатларини билмаймиз, аммо бизники жойида бўлган. Биз бу компаниялар қонуний ёки ноқонуний ишлаётганини қаердан биламиз”, дейди тадбиркорлар ишонч билан. “Нега энди бошқаларнинг ноқонуний фаолияти касрига биз қолишимиз керак?”, дейди улар.
Давлат солиқ қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Мубин Мирзаев тадбиркорларга бўлган ҳолат юзасидан тушинтириш беришни истаб Солиқ қўмитаси биносига таклиф қилар экан, тадбиркорлар қўмита биносига киришни истамасликларини билдиришди. Ҳар қандай мулоқот барчанинг кўз ўнгида, ОАВ иштирокида бўлиши кераклигини талба қилишди.
“Ҳозир ҳамманинг иши тўхтаб қолган. Шу ерда йиғилган тадбиркорлар 100 та бўлса, уларнинг қўл остида 500 нафардан ишчи ишлайди. Ҳозирги вақтда 5000 минг нафар одам ишсиз, маошсиз ўтирибди. Бу каби ҳолатлардан кейин 10 минг тадбиркордан 5 мингги ўзини эпласа, қолгани Россияга “гастарбайтерликка” кетадими?”, дейди тадбиркорлардан бири.
ДСҚ раиси ўринбосари Aлимжон Файзибоев билан суҳбатлашдик, воқеага изоҳ беришлари, Давлат Солиқ қўмитаси олиб бораётган ишлардан кўплаб тадбиркорлар норози эканини айтганимизда у шундай деб жавоб берди:
“Тадбиркорлар бизни, биз эса уларни тушунмадик, ҳозир эса гаплашиб олдик ва масала ҳал бўлди. Ҳисобрақамларидаги пуллар огоҳлантириб, кейин ечиб олинган, хатларни кўрсатишимиз ҳам мумкин. Пуллар ечилишидан 5 кун аввал, барча тадбиркорга огоҳлантириш берилган. Бу ерга йиғилган тадбиркорлар яширин иқтисодиёт билан шуғулланган фирмалар билан алоқадор короха сифатида топилган. Унинг ортидан тушунмовчилилар келиб чиқди”.
Aлимжон Файзибоевга тадбиркорларнинг ҳисобидан катта миқдорда пуллар ечиб олинган, улар энди қаятриладими деган савол билан мурожаат қилдик. У эса “катта миқдордаги пул эмас, ноаниқ миқдорда”, деб жавоб қайтарди. Қайд этилишича, пулларнинг барчаси қайтарилади ва ундан сўнг тадбиркорлик субъектлари камерал текширувдан ўтади.
Шу ўринда бир савол пайдо бўлади: тадбиркорлар ҳисобрақамидан 35 миллиондан 500 миллионгача, ҳатто, 1-2 миллиардгача бўлган пуллар ечиб олинганини айтмоқда. Наҳот, ДСҚ корчалони наздида бу пуллар катта миқдорда бўлмаса?
Воқеани аниқроқ ўрганиш мақсадида Давлат Солиқ қўмитаси Департамент директори Жаҳонгир Aбдиевга юзландик.
Жаҳонгир Aбдиев, ДСҚ Хавфни таҳлил қилиш ва солиқ тўловчиларни сегментлаш бошқармаси Департамент директори:
— Давлат солиқ қўмитаси томонидан ўтказилган таҳлиллар натижасида 396 та шубҳали солиқ тўловчилар аниқланган. Яъни, кўзбўямачилик битимларини тузган. Улар бюджетга тўланадиган тўловларни камайтириш мақсади бўлган операцияларни амалга оширишган. Барчага маълум, ноқонуний операциялар амалга ошириш жараёнида иккинчи томон ҳам бўлади. Шунга асосан, Солиқ кодексининг 14-моддасига “Битимларнинг иқтисодий мазмуни ва уларни юридик жиҳатдан расмийлаштириш”га кўра, солиқ органлари солиқ тўловчиларга ҚҚС бўйича бюджетга тўланадиган суммаларни бўйича тегишли тузатишлар киритишган. 396 та корхона операциянинг бир томони, иккинчи томони эса улар билан ишлаган корхоналар. Корхона ўзи билан ўзи ишлолмайди. Ҳозир солиқ қўмитаси айнан шубҳали операциялар доирасида иш олиб бормоқда. Ҳар бир солиқ тўловчи ўзи ишлайдиган корхонасини билиши керак. Солиқ кодексининг 15-моддаси “Лозим даражада эҳтиёткорлик” га асосан ҳар бир корхонанинг лавозим даражасида эҳтиёткорлик бўлиши шарт. Ишлайдиган корхонасининг қандай экани, қандай маҳсулотлари борлигини билади. Кўзбўямачилик битимларини кузатган ҳолатларда, улар айнан шу битимларни амалга ошириш вақтида иккала томон ҳам билган ҳолда ишлаган. Тадбиркорлар қайсидир ҳолатлар бўйича асословчи ҳужжатлар тақдим этишса, солиқ органлари уларни эшитишга доим тайёр.
Мухбир: — 396 та ноқонуний ишлаган корхона ортидан нечта тадбиркорнинг ҳисоб рақами музлатилди ва қанча пул ечилди? Умумий сумма қанчани ташкил этади?
— 396 та шубҳали фаолиятни амалга ошираётган корхонадан 9 триллионга яқин операциялар амалга оширилди. Улар билан ишлаган иккинчи томон корхоналарнинг ҳамма фаолиятига тузатиш киритилмади, айнан шубҳали корхоналар билан ишлаган фаолияти доирасидаги суммасига тузатиш киритдик. У сумма қарийб 1 трлн, аниқроғи 915 млрд сўмни ташкил этади. (ҚҚС бюджетга тўланмай қолган сумма.) Ҳисобрақамидан пули музлаган ва ечилган тадбиркорлар 7 мингдан ошиқ. Текширувда жами 9-10 минг атрофида тадбиркорлар аниқланган эди. Тадбиркорларнинг барчасига 10 февраль куни хабарнома жўнатилган, шу хабарнома асосида 500 дан ортиқ ташкилотлар 30 млрд сўмлик ишни тан олиб, ҚҚС бўйича ҳақиқатан ҳам бюджетга тўлаши лозим бўлган суммаларга тузатишлар киртишди.
— Тадбиркорлар билан гаплашиб, уларнинг ҳисобрақамларидаги пуллар қайтарилиши ҳақида айтилди, ундан кейин жараён қандай кечади?
— Ҳар бир жараён солиқ кодекси нормаларидан келиб чиққан ҳолда амалга оширилади. Бундай ҳолатларда 266-моддага асосан солиқ тўловчилар ўз ҳужжатларини тақдим этади. Aсословчи ҳужжатларни тақдим этиш ва текшириш жараёнлари ҳам қоғозда олиш ва текшириш эмас балки номаларда келтирилгани асосида амалга оширади. Камерал текширувлар (солиқ тўловчи томонидан тақдим этилган солиқ ҳисоботларини ва (ёки) солиқ тўловчининг фаолияти тўғрисида солиқ органида мавжуд бошқа маълумотларни ўрганиш ва таҳлил қилиш йўли билан солиқ органи томонидан ўтказиладиган текширув) ўтказилиб қарор чиқарилади. Шу билан бирга солиқ органидан ҳам жавобгар бўлган шахс белгиланиб қарорга асосан хулоса қабул қилинади ва ижрога қаратилади. Ортиқча тўланган сумма бўлса бюджетга қайтарилиб, нотўғри тўланган сумма аниқласа бу солиқ тўловчига ундирувга ёки қайтариб бериш чоралари кўрилади.
— Ҳозир бу ерга келолмаган тадбиркорларнинг ҳам пуллари қайтариладими?
— Ҳисоб рақамидан пул ечиб олинган тадбиркорларнинг шахсий кабинетларига маълумотларни юборамиз. Келмасалар ҳам барча қатори ишлари ҳал этилади.
100 дан ортиқ тадбиркорларнинг Давлат Солиқ қўмитаси биноси олдида тўпланиши ижтимоий тармоқларда катта муҳокамаларга сабаб бўлди. Бунинг ортидан бугун, 17 февраль куни AОКA мажлислар залида Давлат Солиқ қўмитаси мутасаддилари иштирокида брифинг бўлиб ўтди.
QALAMPIR.UZ мухбири “ДСҚ раиси ўринбосари Aлимжон Файзибоев тадбиркорларнинг ҳисобрақамларига пуллар қайтарилади, ундан сўнг улар Камерал текширувдан ўтказилади, деб ваъда қилган эди, ҳозирги вақтга қадар бирорта тадбиркорга пуллар қайтарилмаган, айримларининг инкассалари олиб ташланган, холос”, дея мурожаат қилди. Саволга ДСҚ Хавфни таҳлил қилиш ва солиқ тўловчиларни сегментлаш бошқармаси Департамент директори Жаҳонгир Aбдиев жавоб берди.
“Кечаги ҳолат юзасидан 57 та корхонадан аризаларини қабул қилиб олдик. Улар бизга корхонлари ҳақида батафсил маълумот бердилар.
Кеча Давлат Солиқ қўмитаси олдида 110 киши йиғилгани билан у ерда яқинлари билан келганлар бўлиши мумкин. Шу аниқки, биз 57 та корхонани қайд қилдик ва айнан шу корхоналарга тўлов муддатларини назорат тадбирлари тугагунга қадар ўзгартириб, уларга қўйилган инкассалари олинди” дейди Департамент директори.
Ушбу репортажни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки YouTube'даги саҳифамизда томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси