ҚҚС ҳисоб-китоби учун товарларнинг бозор қиймати қандай аниқланади?

Жамият

image

Вазирлар Маҳкамасининг “Қўшилган қиймат солиғи ҳамда чет эл юридик шахслари билан боғлиқ солиқ маъмурчилигини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан ҚҚС базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартиби тўғрисидаги низом тасдиқланди.

Низом ҚҚС базасини товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан келиб чиқиб аниқлаш тартибини белгилайди ва қуйидагиларга нисбатан татбиқ этилади:

1) товарларни (хизматларни) бошқа товарларга (хизматларга) айирбошлаб реализация қилишда;

2) агар СКнинг 239-моддаси биринчи қисми 2-бандида ёки иккинчи қисмининг 2-бандида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, товарларни (хизматларни) бепул беришда (кўрсатишда);

3) юридик шахснинг мол-мулкидан СКнинг  239-моддаси тўртинчи қисми 6-бандига мувофиқ шахсий мақсадларда фойдаланишда.

Бунда товарларни бепул бериш ёки бепул хизматлар кўрсатиш шартлардан ҳеч бўлмаганда бирига риоя этилганда иқтисодий жиҳатдан ўзини оқлайди деб эътироф этилади:

1) даромад олишга қаратилган фаолиятни амалга ошириш мақсадида қилинган бўлса;

2)  шундай тадбиркорлик фаолиятини сақлаш ёки ривожлантириш учун зарур бўлса ва харажатларнинг тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқлиги асослантирилган бўлса;

3) қонун ҳужжатлари қоидаларидан келиб чиқилган бўлса.

Юқорида кўрсатилган битимларни (операцияларни) амалга ошираётганда товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматини аниқлаш учун қуйидаги ахборот манбаларидан фойдаланилади:

•    ўзининг нархга доир маълумотлари (прайс-варақлар);
•    ахборот-нарх агентликлари ва ОАВдан олинган маълумотлар;
•    биржа хабарлари;
•    Давлат божхона қўмитаси томонидан эълон қилинадиган ёки сўровга кўра тақдим этиладиган ташқи савдонинг божхона статистикаси;
•    қонун ҳужжатларида белгиланган ҳолларда нархларни белгилаш учун нормативларни ўрнатадиган ваколатли органларнинг маълумотлари.

Бундай маълумотлар мавжуд бўлмаганда бозор қиймати баҳоловчи ташкилотларнинг хулосалари асосида ёхуд харажатларни индексациялаш усулидан фойдаланган ҳолда аниқланади.

Товарларнинг бозор қийматини аниқлашда ўзаро боғлиқ бўлмаган шахслар ўртасида битимлар тузишда нархларга қўйиладиган одатдаги устамалар ёки чегирмалар ҳисобга олинади.  Бунда қуйидаги омиллар ҳисобга олинади:

•    товарларга нисбатан бўлган истеъмол талабининг мавсумий ва бошқа тебранишлари;
•    товарларнинг сифат ёки бошқа истеъмол хусусиятларини йўқотиши;
•    товарларнинг яроқлилик ёки реализация қилиш муддатларининг тугаши;
•    маркетинг сиёсати, шу жумладан, унга ўхшаш товарлар бўлмаган янги товарларнинг (хизматларнинг) бозорга кириб бориши, шунингдек, товарларнинг (хизматларнинг) янги бозорларга кириб бориши;
•    истеъмолчиларни улар билан таништириш мақсадида товарларнинг тажриба моделлари ва намуналарини реализация қилиш.

Солиқ органлари битимнинг нархи товарларнинг (хизматларнинг) бозор қийматидан фарқ қиладиган (у ёки бу томонга) қийматини қўллангани далили аниқланган тақдирда (СКнинг 248-моддаси тўртинчи қисми) солиқ базасига тузатиш киритишга ҳақли. Шу билан бирга киритиладиган ўзгартиришлар СКнинг 223 ёки 224-моддаларида назарда тутилган молиявий жарималарни қўллашга олиб келмайди.

Солиқ тўловчи солиқ органининг қарори юзасидан битимнинг қиймати бозор нархларига мувофиқлигини ва солиқ тўлашдан бўйин товлашга қаратилмаганлигининг асосларини тақдим этиш йўли билан низолашишга ҳақли.


Мақола муаллифи

Теглар

солиқ ҚҚС

Баҳолаганлар

23

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг