Apple, Google, Meta: хорижий компаниялар Ўзбекистонга қанчадан солиқ тўлаяпти?
Жамият
−
07 Май 2354 2 дақиқа
Жорий йилнинг I чорагида Ўзбекистонда электрон хизматлар кўрсатувчи 89 та хорижий компания томонидан 65,7 миллиард сўм солиқ тўланган. Бу ҳақда Давлат солиқ қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, 2026 йилнинг дастлабки 3 ойида электрон хизматлар кўрсатувчи 89 та хорижий компания 65,7 миллиард сўм солиқ тўлаган. Бу аввалги йилгига нисбатан 81 фоиз ўсиш демакдир. 2025 йилнинг хос даврида 68 та хорижий компания 36,2 миллиард сўм солиқ тўлаган эди.
Apple энг кўп солиқ тўлаган компания бўлиб, 16,1 миллиард сўмни давлат бюджети ҳисобига ўтказган. Google эса салкам 1,5 миллиард сўм солиқ тўлаган. Қизиқарли жиҳати, Ўзбекистонда блокланган Tik Tok ҳам шу йилнинг илк чорагида 868,3 миллион сўм солиқ тўлаган. Бир йил аввалги маълумотларга кўра эса корхона 934,8 миллион сўм солиқ тўлаганлик кўрсаткичи билан энг кўп бюджетни бойитган хорижий компаниялар орасида бешинчи бўлган.
Бу йил кучли ўнталик рўйхатига янги сунъий интеллект компанияси Anthropic ҳам қўшилган. Қўшилганда ҳам компания 1,5 миллиард сўмлик солиқ кўрсаткичи билан рўйхатдан жой олган. Машҳур OpenAI эса аввалги йил 1,1 миллиард сўм солиқ тўлаган бўлса, бу сафар қўшимча яна 1 миллиард сўм бюджетга фойда келтирган.
Энг кўп солиқ тўлаган электрон хизматлар кўрсатувчи топ-10 та хорижий компания:
- Apple – 16,1 млрд сўм;
- Google – 14,9 млрд сўм;
- Meta – 13,9 млрд сўм;
- Valve Corp. – 8 млрд сўм;
- OpenAI – 2,5 млрд сўм;
- Anthropic – 1,5 млрд сўм;
- Midasbuy – 1,3 млрд сўм;
- Tik Tok – 868,3 млн сўм;
- Booking.com – 694,7 млн сўм;
- Netflix – 570,4 млн сўм.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда 3 миллиондан ортиқ обуначига эга олти нафар топ блогер 2025 йил давомида жами 2,7 миллиард сўм даромад топиб, бюджетга 110,4 миллион сўм солиқ тўлагани ҳақида хабар берилган эди.
Ойбек Рустамов
Live
Барчаси