Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида 4 та янги бошқарма ташкил этилади

Жамият

image

Жорий йилнинг 24 февралда Ўзбекистон Президентининг “Қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлардан фойдаланиш ва муҳофаза қилиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарор имзоланди.

Ҳужжатга мувофиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тузилмасида қуйидагилар ташкил этилади:

•    Аграр соҳада рақамли технологияларни ривожлантириш бошқармаси;
•    Геоахборот технологияларини ривожлантириш бошқармаси;
•    Қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратини амалга ошириш бошқармаси ва унинг ҳудудий бўлимлари (2021 йил 1 мартдан);
•    Ички аудит ва комплаенс-назорат бошқармаси;

Шунингдек, қуйидагилар жорий этилади:

•    аграр соҳани жадал рақамлаштириш, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат хавфсизлиги соҳаларига замонавий ахборот тизимлари ва дастурий маҳсулотларни жорий этиш масалаларига масъул бўлган вазир ўринбосари лавозими;
•    қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларда ер тузиш, ер мониторинги, экинларни жойлаштириш ва экилишини мониторинг қилиш тадбирларини амалга ошириш мақсадида қўшимча штат бирликлари;

Қуйидагилар қисқартирилади:

•    ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг аграр соҳани рақамлаштириш масалалари бўйича ўринбосари лавозими;
•    ва унга бўйсунувчи марказий аппаратдаги 16 та штат бирликлари.

Кадастр агентлигининг “Ўздаверлойиҳа” давлат илмий-лойиҳалаш институти ва унинг ҳудудий бўлинмалари штат бирликлари ҳамда моддий-техника базаси, улар балансида турган бино-иншоотлар 2021 йил 1 мартдан бошлаб Қишлоқ хўжалиги вазирлиги тизимига ўтказилади.

Қуйидагилар тасдиқланди:

•    Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ташкилий тузилмаси ва марказий аппаратининг тузилмаси;
•    Қорақалпоғистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг тузилмаси, вилоятлар қишлоқ хўжалиги бошқармаларининг намунавий тузилмаси;
•    Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг чекланган сони;
•    туманлар (Қувасой шаҳар) қишлоқ хўжалиги бўлимларининг намунавий тузилмаси ва бошқарув ходимларининг чекланган сони.

Қуйидагилар Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигини ривожлантириш ва озиқ-овқат таъминоти жамғармаси маблағларини шакллантиришнинг қўшимча манбалари этиб белгиланди:

•    Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг қишлоқ хўжалиги ерларини муҳофаза қилиш бўйича давлат назоратчилари томонидан кўрилган маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларга асосан ундириладиган жарималарнинг 50 фоизи;
•    ўзбошимчалик билан ерларнинг қишлоқ хўжалиги муомаласидан чиқишига сабаб бўлган ҳолларда етказилган зарар бўйича ҳисобланган маблағларнинг 5 фоизи.

Қишлоқ хўжалиги вазирлигига қуйидаги ҳуқуқлар берилди:

•    қонунчиликда белгиланган ваколатлар доирасида тўғридан-тўғри маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисида баённомалар расмийлаштириш ва айбдор шахсларни жаримага тортиш;
•    тадбиркорлик субъектларида қишлоқ хўжалиги ерларидан фойдаланиш ва уларни муҳофаза қилишни ўрганиш ишларини, экинларни хатловдан ўтказиш ва ўлчаш, уларнинг норматив қийматини аниқлаш, ерлардан мақсадли фойдаланилишини ўрганиш ҳамда геоботаник ва тупроқ-тадқиқот ишларини Текширувларни электрон рўйхатга олишнинг ягона тизимида рўйхатга олинмаган ҳолда амалга ошириш;
•    учувчисиз учиш аппаратлари (дронлар)дан фойдаланиш ва уларни тўловсиз учиришни амалга ошириш, шунингдек уларни қишлоқ хўжалиги мақсадида ишлаб чиқарувчи корхоналардан тендерсиз тўғридан-тўғри харид қилиш.

2021 йил 1 июлга қадар ерга оид ҳуқуқбузарликларни аниқлаш, ҳужжатлар тўпламини шакллантириш ва уларни кўриб чиқиш мониторингини юритиш бўйича “Е-YER NAZORAT” автоматлаштирилган ахборот тизимини яратилади ҳамда бошқа давлат органларининг ахборот тизимларига интеграция қилинади.

Шунингдек қуйидагиларнинг лойиҳалари ишлаб чиқилади:

•    Солиқ кодексига қуйидагиларни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси:

а) давлат рўйхатидан ўтмасдан ердан фойдаланишни ердан ноқонуний фойдаланиш деб ҳисоблаш ҳамда унга нисбатан ер солиғи ставкасини 10 баравар миқдорида қўллаш;

б) ер участкалари ўзбошимчалик билан эгалланган ва ер участкасига бўлган ҳуқуқни тасдиқловчи ҳужжатларда кўрсатилганидан ортиқроқ ҳажмда фойдаланилганда, шунингдек ер участкасидан белгиланган мақсадларда фойдаланмаслик ҳолатлари аниқланган тақдирда, ер солиғининг белгиланган ставкаларини 20 баравар миқдорида ундириш;

•    Жиноят кодексига ер участкаларини, шу жумладан муҳофаза этиладиган зоналар, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаб олишга йўл қўймаслик бўйича ер эгаси, ердан фойдаланувчи ёки ижарачи томонидан чоралар кўрмаслик ҳолатлари бўйича жиноий жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисидаги қонун лойиҳаси;

•    Қуйидагилар тўғрисидаги Ҳукумат қарорлари лойиҳалари:

а) қишлоқ хўжалиги ерларининг электрон хариталарини яратиш;

б) қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерларни мониторинг ва муҳофаза қилишда давлат назоратини амалга ошириш тартиби.


Мақола муаллифи

Теглар

Қишлоқ хўжалиги вазирлиги

Баҳолаганлар

92

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг