Арзон гўшт - қоғозда арзон
Жамият
−
12 Май
6893Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг баёнотида Ўзбекистон “дунёда гўшт энг арзон сотиладиган давлатлардан бири” сифатида тилга олинди. Тўғри, рақамлар бунга гувоҳ: 1 кг мол гўшти 65 мингдан 130 минг сўмгача бўлиши мумкин.
Аммо бу рақамлар вазирлик файлларида қандай кўринса кўринсин, реал бозор расталарида бошқача кўринади. Масалан эълон қилинган маълумот бўйича:
“Айни пайтда юртимиздаги бозорларнинг арзонлаштирилган расталарида 1 кг мол ва қўй гўшти ўртача 65-75 минг, савдо расталарида 90-95 минг, савдо марказларида эса 95-100 минг сўмдан сотилмоқда”.
Бу нархлар фонида “арзон” деган иборанинг ўзи савол остида қолади. Айниқса, ўртача ойлик даромад 3–4 миллион сўм атрофида бўлган муҳитда.
Ҳақиқатни тушуниш учун гўшт нархини бошқа мамлакатлардаги нархлар билан эмас, ўша мамлакатдаги маошлар билан солиштириш керак. Швецияда одамлар 1 кг мол гўшт учун 46 доллар тўлайди, лекин бу уларнинг ойлик даромадининг атиги 1 фоизи. Ўзбекистонда эса ўртача тўрт кишидан иборат оила бир ҳафтада 1 кг гўшт истеъмол қилса, 3-4 миллион сўмлик ойлик маошининг тахминан 10-13% қисмини гўштга сарфлайди. Бу эса “арзон” деган тасаввурни буткул йўққа чиқаради.
Бозорлардаги гўшт расталарига разм соладиган бўлсак, кўп ҳолларда суякли, ёғли гўшт маҳсулоти “лаҳм” нархида сотилади. Статистикада биз кўп гўшт еяпмиз. Ҳаётда эса бир килограмм лаҳм гўштни олиш — байрам олдидан уйда “пул чиқим қилишга тайёргарлик” деган тушунчага айланиб улгурган.
Келинг, шу ўринда Қишлоқ хўжалиги вазирлигининг яна бир статистик маълумотига назар ташласак:
“Таққослайдиган бўлсак, Россияда 1 кг мол гўшти 10-12, Беларусда 6-8, Қозоғистонда 7-11, Тожикистонда 8-10, Грузияда 9,5-12, Озарбайжонда 9,5-12,5, Туркияда 12-14 доллар, шунингдек, иқтисодиёти ривожланган давлатлар Швецияда 46,2, Исландияда 38,86, Жанубий Кореяда эса 28 доллар атрофида сотилмоқда.
Бундан кўриниб турибдики, Ўзбекистон дунёнинг гўшт энг арзон сотиладиган давлатлари қаторида бўлиб, Марказий Осиё мамлакатлари ичида Қирғизистондан кейинги иккинчи ўринни эгаллайди”.
Расмий маълумотларда Ўзбекистон гўшти глобал контекстдаги энг “арзон” маҳсулотлардан бири. Аммо бу гаплар одамларнинг кундалик ҳаётида ҳеч нарсани ўзгартирмайди. Бозорга чиқиб, тарозида бир кило лаҳм тортиб кўринг — статистик “арзонлик”нинг ҳақиқатдан қанчалик узоқ эканига гувоҳ бўласиз.
Актам Ҳайитовнинг “жуда кўп гўшт еяпмиз” деган ибораси, балки самимий ниятда айтилгандир. Аммо бу сўзлар одамларнинг ҳақиқатига мос тушмади. Чунки халқ аллақачон гўштдан эмас, гапдан тўйган.
Ҳар сафар статистика расмий маълумотлар билан бизни қувонтирмоқчи бўлганида, негадир халқнинг бозор сумкаси жим туради.
LiveБарчаси