“Қиролнинг қайтиши”: Пакьяо эртага чемпионлик жангида иштирок этади

Спорт 3597
image

Эртага, 22 август куни АҚШнинг Лас-Вегас шаҳридаги “T-Mobile” аренада бокс бўйича саккиз вазн тоифасида собиқ жаҳон чемпиони филиппинлик Мэнни Пакьяо ва кубалик Йорденис Угас WВА Super чемпионлик камари учун рингга кўтарилади.
 
Жанг олдидан анъанавий вазн ўлчаш ва face-to-face маросими ўтказилди. Пакьяо 66,2 кг, Угас 66,7 кг тош босди. Беллашув ярим ўрта вазн тоифасида ўтказилади.

Эслатиб ўтамиз, дастлаб Пакьяонинг рақиби WВC ва IBF йўналишлари бўйича жаҳон чемпиони Эрроль Спенс бўлиши керак эди, аммо жанг бекор қилинди. Сабаби, Спенснинг чап кўз тўр пардаси ёрилиши натижасида у шошилинч операция қилинди. Ушбу вазнда WBO камари Теренс Кроуфордга тегишли.

Эртанги жанг 42 ёшли Пакьяо учун 2019 йилнинг июль ойидан буён биринчиси бўлади. У ўшанда Кейт Тюрманни очколар бўйича мағлуб этди ва WВА камарига эга бўлган эди. Йорденис Угас эса 2020 йилнинг 6 сентябрь куни америкалик Абель Рамос устидан ғалабага эришиб WBA regular камарини қўлга киритган. 

Маълумот учун, Филиппин сенатори Мэнни Пакьяо профессионал боксда 71 та жанг ўтказиб, 62 марта ғалаба қозонган. 7 жангда эса мағлубиятга учраган. Йорденис Угас эса ўзи иштирок этган 30 жангнинг 26 тасида ғалаба қозониб, 4 марта мағлубиятга учраган.

Ҳумоюн Орипов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 87
Рейтинг: 2.9
t
×