Қирғизистоннинг собиқ Бош вазири уй қамоғига олинди 

Олам

image

Қирғизистоннинг ҳибсга олинган собиқ Бош вазири Муҳаммадқали Абилгазиевга нисбатан эҳтиёт чораси ўзгартирилди. Бу ҳақда мамлакат Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига асосланиб хабар берилган.  

Таъкидланишича, Абилгазиев давлатга 50 миллион сом тўлаб берган. Энди у тергов тугагунга қадар уй қамоғида бўлади. 

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Абилгазиевни коррупция ва ноқонуний бойишда айбламоқда. 

“Абилгазиев Бош вазирлиги даврида Республика фуқаролари ва давлатнинг манфаатларига зид равишда, асоссиз ва миллий қонунчиликни бузган ҳолда, ҳукумат қарорини имзолади. Унга кўра, “Қумтор” олтин конига қидирув ва олтин қазиб олиш учун қўшимча ҳудудлар берилди.  Натижада, коннинг умумий майдони икки баравар ошди ва 26,3 минг гектарни, шу жумладан бир неча музликлар ва қўриқланадиган ҳудудни эгаллади”, дейилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида. 

Таъкидланишича, Абилгазиев давлат хизматида бўлганида, ўз активларини ноқонуний равишда кўпайтирган. Собиқ Бош вазир уларни қонунийлаштириш мақсадида Бишкек шаҳрида, Чуй ва Иссиқкўл вилоятларида қимматбаҳо кўчар ва кўчмас мулк объектларини сотиб олган, шунингдек кўп квартирали элита уйларини қуришга молиявий сармоя киритган. 

“Жиноий жавобгарликдан қочиш мақсадида бу активлар “қўғирчоқлар” номига расмийлаштирилган”, дейилган Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси хабарида. 

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойида Абилгазиев ноқонуний бойлик орттиришда гумон қилиниб ҳибсга олинганди. 

Абилгазиев Қирғизистон Ҳукуматини 2018 йилдан 2020 йил июнигача бошқарган. Ўтган йилнинг 15 июнида у ўз хоҳиши билан истеъфога чиқди. 

2020 йил октябрь ойи ўрталарида аввалги ҳокимият парламент сайловларидан кейинги норозиликлар натижасида истеъфога чиққанидан сўнг, Абилгазиевнинг Республикадан чиқиб кетиши тақиқланди.


Мақола муаллифи

Теглар

Қирғизистон Абилгазиев

Баҳолаганлар

78

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг