Қирғизистоннинг 4 пансионати Ўзбекистонга берилди

Жамият

image

Қирғизистон ҳудудида жойлашган Иссиқкўлдаги 4 та пансионатни расмий Тошкентга бериш ҳақидаги халқаро шартнома Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланди. Бу ҳақдаги тегишли ҳужжатлар расмий порталларда эълон қилинди. 

Ҳужжат кўл қирғоғида жойлашган рекреация зоналарига эгалик ҳуқуқини тартибга солиш, шунингдек, уларнинг кейинги фаолиятини таъминлаш учун мўлжалланган.

Рўйхатга “Марказий Осиёнинг олтин қумлари” (собиқ “Бостери”), “Роҳат-НБУ” (собиқ “Роҳат”), “Дилором” (собиқ “Энесай”), шунингдек, қурилиши тугалланмаган “Бўстон” пансионатлари киритилган.

Қирғизистон ушбу объектларга эгалик ҳуқуқини Ўзбекистонга ўтказади. Ўзбекистон эса ушбу объектларга бўлган мулк ҳуқуқини амалга ошириш учун ваколатли ташкилотларни белгилайди.

“Тошкент механика заводи” акциядорлик жамиятига “Марказий Осиёнинг олтин қумлари” пансионати, Ташқи иқтисодий фаолият миллий банкига “Роҳат-НБУ” уйи, “Асакабанк”га “Дилором” пансионати, “Ўзсаноатқурилишбанк”га “Бўстон” пансионатига нисбатан ваколат берилади.

Маълумот учун, ушбу битим 2024 йилнинг 18 июль куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаровнинг Ўзбекистонга ташрифи чоғида имзоланган. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси ушбу келишувни 23 сентябрда тасдиқлаган.

Мулк ҳуқуқи расмийлаштирилгандан сўнг, банклар ва завод халқаро стандартлар бўйича камида уч юлдузли меҳмонхона комплексларини яратиш учун объектларни реконструкция қилишни якунлаши керак. Шундан сўнг улар объектларни учинчи шахсларга беришлари мумкин бўлади. Шу билан бирга, Қирғизистон томони бошқа шахсларга нисбатан объектларни уларнинг бозор қийматида сотиб олишда имтиёзли ҳуқуққа эга.

Бундан ташқари, пансионат ходимларининг камида 80 фоизи Қирғизистон фуқаролари бўлиши, Қирғизистон фуқароларининг пляж зоналарига тўсқинликсиз киришини таъминлаши, шунингдек, объектларга бириктирилган ер участкаларидан фойдаланганлик учун солиқ, солиқ бўлмаган ва бошқа тўловларни, ижара тўловларини ўз вақтида тўлаши керак. Дастлаб ҳар бир объект учун инвестицияларнинг тахминий миқдори 15−20 миллион долларни ташкил этади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қирғизистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made