Қирғизистонликларнинг Туркияга визасиз муддати оширилиши мумкин
Олам
−
22 Июль 2023
3839Қирғизистон фуқаролари учун Туркияга визасиз режим муддати 90 кундан 180 кунгача узайтирилиши мумкин. Бу ҳақда жорий йилнинг 20 июль куни Қирғизистон ички ишлар вазири Улан Ниёзбеков ҳамкасби Али Ерликая билан Анқарада бўлиб ўтган учрашувда маълум қилган.
Келтирилишича, учрашувда томонлар хавфсизликни таъминлаш, тажриба ва ахборот алмашиш, шунингдек, киберхавфсизликни таъминлаш соҳасидаги икки томонлама стратегик ҳамкорликнинг долзарб масалаларини муҳокама қилган.
Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги раҳбари Туркияга ташриф билан келган қирғизистонликларнинг Туркияда узоқ муддатли қолиши билан бирга хавфсизликни таъминлаш муҳимлигини таъкидлаган.
Қирғизистон томони Туркиянинг миграция сиёсатидаги ўзгаришларни инобатга олиб, мамлакат ҳудудида бўлиш қоидаларини бузган Қирғизистон Республикаси фуқароларига уларнинг тўсиқсиз (жарима ва депортациясиз) чиқиб кетиши ва кейинчалик қонунийлаштирилиши учун миграция амнистиясини жорий этишни таклиф қилган.
Шунингдек, Туркия Ички ишлар вазирлиги Қирғизистон фуқаролари учун визасиз режимни 90 кундан 180 кунгача ошириш ва ўзаро саёҳатларни ички паспорт (ID-карта) орқали амалга оширишни таклиф қилган.
Шу билан бирга, Вазир Туркияга даволаниш учун келаётган, яшаш гувоҳномаси учун мурожаат қилган қирғизистонликлар муаммосини ҳам кўтарган.
Бундан ташқари, Али Ерликая Туркия ҳукумати томонидан мамлакатдаги миграция ҳолатини яхшилаш ва ноқонуний миграцияга қарши курашиш борасида кўрилаётган чора-тадбирлар ҳақида ҳам батафсил маълумот берган. Қирғизистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг таклиф ва сўровларини ўрганишга ваъда берган.
LiveБарчаси