Қирғизистонликларга Россияга бормаслик тавсия этилди
Олам
−
05 Сентябрь
12790Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги мамлакат фуқароларига Россияга саёҳат қилишдан вақтинча воз кечишни тавсия қилмоқда. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Россия Федерацияси ҳудудида жорий этилган қўшимча хавфсизлик чоралари ва чет эл фуқароларининг давлат чегараси орқали ўтиши устидан кучайтирилган назорат режими муносабати билан Қирғизистон фуқароларига вақтинча Россияга саёҳат қилишдан воз кечиш тавсия этилади.
Вазирлик юқоридаги чоралар бекор қилинмагунча ушбу тавсияга амал қилишга чақирди.
“Агар керак бўлса, Қирғизистон фуқаролари Қирғизистоннинг Россиядаги элчихонасидан тегишли ёрдам ёки маслаҳат олишлари мумкин”, дейилади Ташқи ишлар вазирлиги хабарида.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия ҳукумати мамлакатнинг барча резидентлари тўғрисидаги ягона маълумот манбаи бўлган Федерал аҳоли реестрида жойлашган чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар тўғрисидаги маълумотлар рўйхатини кенгайтирмоқчилиги хабар қилинган эди.
Бундан ташқари, 1 декабрдан бошлаб Россияга кириш учун чет элликлар ва фуқаролиги бўлмаган шахслар томонидан биометрик маълумотларни тақдим этиш бўйича синов лойиҳаси ишга туширилиши мумкин.
LiveБарчаси