Қирғизистонлик машҳур амалдорнинг ўғли Тошкентда миллионернинг қизига уйланди
World
−
12:01 3192 3 minutes
Тошкентда Қирғизистоннинг собиқ божхона хизмати раиси ўринбосари Райимбек Матраимовнинг ўғли Айменнинг тўйи бўлди. Унинг рафиқаси Қозоғистоннинг нефть соҳасидаги таниқли бизнесмени Жакип Марабаевнинг набираси экани маълум бўлди. Бу ҳақда Қирғизистоннинг “KaktusMedia” нашри хабар берди.
Қайд этилишича, жорий йилнинг 30 август куни Тошкентдаги Marriott Hotel Tashkent меҳмонхонасида Аймен Матраимов ва Самиранинг тўйи бўлиб ўтган.
Тўйда Қирғизистонда танилган сиёсатчилар, жамоат арбоблари ва тадбиркорлар ҳам қатнашган. Улар орасида Юсуфбек Кўрғонбой ўғли, Элмирза Сотиболдиев, Иброҳим Юнусов каби собиқ депутатлар, шифокор Собирбек Жумабеков ва тадбиркор Асқар Салимбеков бор. Шунингдек, маросимда россиялик хонандалар Люся Чеботина ва Филипп Киркоров ҳамда қозоғистонлик хонанда Раим ҳам чиқиш қилган.
Маълумотларга кўра, Аймен Матраимовнинг рафиқаси Самира Қозоғистоннинг нефть соҳасидаги таниқли бизнесмен Жакип Марабаевнинг набираси. Самира Жакип Марабаевга қизи Лейла Султонбоева орқали қариндош ҳисобланади ҳамда у Semurg Invest холдингида корпоратив директор лавозимида ишлайди.
Манбага кўра, Semurg Invest Марабаевлар оиласи билан боғлиқ бўлиб, инфратузилма, транспорт-логистика, қурилиш ва инвестиция лойиҳаларида фаолият юритади.
Холдингнинг асосий лойиҳаларидан бири Қозоғистоннинг Манғистоғ вилоятидаги Курик портида жойлашган кўп функцияли “Саржа” денгиз терминали ҳисобланади. Лойиҳа Каспий денгизи орқали юк ташиш имкониятларини кенгайтириш ва Транскаспий халқаро транспорт йўналишини ривожлантириш билан боғлиқ.
Райимбек Матраимов Қирғизистон Давлат божхона хизматида раис ўринбосари лавозимида фаолият юритган. У мамлакат божхона тизимидаги эҳтимолий коррупция ҳолатлари юзасидан ўтказилган журналистик текширувлардан кейин жамоатчилик эътиборига тушган.
Журналистлар олиб борган суриштирувларда Матраимов ва унинг яқинлари божхона орқали юкларни олиб кириш ва олиб чиқиш билан шуғулланувчи 3 та йирик терминал фаолиятига таъсир кўрсатгани, шунингдек, ноқонуний юк айланмаси билан боғлиқ схемаларда тилга олингани ҳақида маълумотлар берилган.
2020 йилнинг октябрида Матраимов коррупция билан боғлиқ жиноят иши доирасида ҳибсга олинган. 2021 йил февраль ойида Бишкек шаҳридаги Биринчи май туман суди уни айбдор деб топган. Суд жараёнигача у давлатга етказилган 2 миллиард қирғиз соми миқдоридаги зарарни қоплаган. Шундан сўнг унга 260 минг сом жарима жазоси тайинланган.
2024 йилда собиқ божхона амалдори яна ҳуқуқ-тартибот идоралари эътиборига тушган. Унга давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш ҳамда безорилик билан боғлиқ айбловлар илгари сурилган ва у бир неча ой давомида ҳибсда сақланган.
2024 йилнинг ноябрида Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Ташиев Райимбек Матраимовни умумий қиймати қарийб 200 миллион долларга тенг деб баҳоланган активларни давлат тасарруфига ўтказганини билдирган.
Шундан кейин у ҳибсдан чиқарилган. Ўша йилнинг декабрида суд Матраимовни безорилик ва давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш билан боғлиқ ишда айбдор деб топиб, 100 минг қирғиз соми миқдорида жарима белгилаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ беш карра “Олтин тўп” соҳиби ва футбол тарихидаги энг яхши тўпурар Криштиану Роналду Жоржина Родригесга уйлангани ҳақида хабар берилган эди.
Live
All