Қирғизистондан ўтган Сўх-Риштон йўли очилмоқда

Жамият

image

Бугун, 1 апрел куни Фарғона вилоятидаги Риштон ва Сўх туманини боғлаб турувчи Қирғизистон орқали ўтган йўлнинг очилиши режалаштирилган. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.

Мазкур йўналишидаги чегара назорат-ўтказиш пунктлари бунинг учун тайёр ҳолатга келтирилган.

Хабарга кўра, Ўзбекистон-Қирғизистон давлат чегарасидаги барча назорат-ўтказиш пунктларининг очилиши савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантириш ва туристик оқимни кўпайтиришга хизмат қилади.

Маълумот учун Сўх тумани юз фоиз Қирғизистон ери билан ўралган анклав ҳисобланади. Мазкур йўлнинг очилиши Сўх тумани аҳолиси учун катта қулайликлар яратиши, шубҳасиз. Туман аҳолиси учун яқин йўл бўлган бу божхона чегара пости анча йиллардан олдин ёпилган бўлиб, сўхликлар вилоят марказига келиши учун узоқ йўл босиб, соатлаб вақт сарфларди. Эндиликда эса ортиқча оворагарчиликларга барҳам берилиб, қисқа масофада Сўхга кириб борилади.  

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси Камчибек Ташиев Ўзбекистоннинг анклав ҳудуди Сўх тумани учун Фарғонага йўлак очиб берилмаслиги, Ўзбекистон ва Қирғизистон Президентлари музокараларда бу масалани гаплашмаганини айтганди.

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Президентининг Ўзбекистонга ташрифи вақтида “муносабатларимиз тарихида илк бор чегара бўйича ким нима қилиши керак, қачон қилиши кераклиги ҳақида қатъий келишиб олинганини” айтганди.

2020 йил 31 май куни Ўзбекистон Республикаси Сўх тумани Чашма қишлоғининг Қирғизистон Республикаси Боткен вилояти Қадамжой тумани Чечме айили билан чегарадош ҳудудида жойлашган “Чашма” булоғи бўйида Қирғизистон ҳамда Ўзбекистон фуқаролари ўртасида булоқдан фойдаланиш юзасидан келиб чиққан низо оқибатида оммавий тартибсизликлар рўй берган.

Ушбу низони бартараф этиш мақсадида Сўх тумани Чашма қишлоғига етиб борган маҳаллий ҳокимият вакиллари ҳамда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи орган ходимларига тартиббузарлар томонидан фаол қаршилик кўрсатилиб, уларга турли даражада шикастлар етказилган.

Ўтган йилнинг ноябрь ойидан буён мазкур жиноят ишини кўриш ишлари давом этаётган бўлиб, суд муҳокамаси якунланмоқда.

Фарғона вилоят судининг жамоатчилик ва оммавий ахборот воситалари билан алоқалар бўлими хабарига кўра, "Сўх воқеалари”га оид жиноят иши бўйича суд муҳокамаси очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борилиб, ишни кўришда 22 нафар судланувчи, 36 нафар жабрланувчи ва 21 нафар гувоҳлар сўроқ қилинган.

Эслатиб ўтамиз, чегара ҳудудидаги тўқнашув ортидан Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов Сўх туманига борганди. У Боткен вилоятида Қирғизистон Бош вазири биринчи ўринбосари (ҳозирда Бош вазир) Кубатбек Боронов билан учрашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

381

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг