Қирғизистонда яна бир собиқ ҳоким ҳибсга олинди

Олам

image

Қирғизистоннинг Ўш шаҳри собиқ ҳокими Айтмамат Қодирбоев коррупциявий иш бўйича ҳибсга олинди. Бу ҳақда Бишкек шаҳрининг Биринчи май туман судига таяниб, “Turmush” хабар берди.

Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг 26 август куни суд Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги тергов хизмати тергов гуруҳи раҳбарининг собиқ ҳокимга нисбатан қамоққа олиш чораси қўллаш ҳақидаги илтимосномасини қаноатлантирган.

Айтмамат Қодирбоевга Жиноят кодексининг 40-моддаси (жиноий ҳаракатларни амалга ошириш) ва 336-моддаси 4-қисми (уюшган гуруҳ манфаатларини кўзлаб содир этилган коррупция, жиноий ҳамжамият ёки жиддий зарар етказиш) бўйича айблов қўйилган.

Туман суди қарорига кўра, собиқ ҳоким эҳтиёт чораси сифатида жорий йилнинг 4 октябригача қамоқда сақланади.

Маълумот учун, Айтмамат Тантибоевич Қодирбоев 2007 йилнинг 13 сентябридан 27 ноябригача Ўш вилояти давлат маъмуриятида биринчи ўринбосар лавозимида ишлаган. 2012 йил 12 мартдан у Давлат мулкини бошқариш ва ривожлантириш агентлиги директори ўринбосари лавозимида фаолият юритган. 2014 йил 15 январда у Ўш шаҳри ҳокими этиб тайинланган. 2018 йил 3 июнда эса Давлат саноат, энергетика ва ер ости бойликлари қўмитаси раиси лавозимини эгаллаган. Шу муносабат билан Айтмамат Қодирбоев Ўш шаҳри ҳокими лавозимидан озод этилган. 

2021 йилнинг февралида ҳукумат қарорига асосан, у Энергетика ва саноат вазирлигига айлантирилган Давлат саноат, энергетика ва ерости бойликлари қўмитаси раиси сифатида фаолиятини давом эттирган. 2021 йилнинг мартида ҳукумат қарори билан унинг ушбу лавозимдаги ваколатлари ҳам тугатилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистоннинг Қора-Болта шаҳри ҳокими Мирлан Ратинбекович Жекшенов, унинг қўл остидаги ходим, пудратчи ташкилот раҳбари ва блогерлар ҳибсга олингани ҳақида хабар берилган эди. Гумонланувчилар моддий манфаат кўриш мақсадида Хитойда ишлаб чиқарилган 17 дона автобусни оширилган нархларда сотиб олган.

Ундан олдинроқ эса Бишкек шаҳри ҳокими ўринбосари Таалайбек Бойгазиев пора олишда гумонланиб, ҳибсга олинганди. Шунингдек, Тўқмоқ шаҳри ҳокими Мақсад Нусувалиев ҳокимлик йиғилиши пайтида Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раҳбари Қамчибек Тошиевнинг буйруғи билан ҳибсга олинган.


Мақола муаллифи

Теглар

коррупция Қирғизистон собиқ ҳоким

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг