Қирғизистонда имомлар жасад аъзолари трансплантациясига рухсат берди
Олам
−
31 Январь
5254Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги имомлардан жасад аъзоларини трансплантация қилишга ёзма розилик олди. Бу ҳақда “Vesti.kg” хабар берди.
Нашрга кўра, бугун, 31 январь куни Қирғизистон парламентидаги “Ишеним” ва “Иййман Нуру” фракцияларининг йиғилишида депутатлар Соғлиқни сақлаш вазири Алимқодир Бейшеналиев билан биргаликда жасаддан органларни трансплантация қилиш масаласини муҳокама қилган.
Вазирнинг сўзларига кўра, Соғлиқни сақлаш вазирлиги Қирғизистон Мусулмонлар диний идораси вакилларидан жасаддан орган кўчириб ўтказишга ёзма розилик олган. Бейшеналиев, шунингдек, битта жасаддан саккизтагача орган олиш мумкинлигини таъкидлаган.
“Мамлакатимизда жигар донорларига эҳтиёж катта. Жасад донорларидан етти-саккизта орган – жигар, буйраклар, ретикуляр ҳужайралар, суяк илиги, ўпка ва юрак олиниши мумкин”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ туркийзабон давлатларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлари “Türktransplant” ягона ахборот тизимини яратиш бўйича протокол имзолаган эди. Ҳужжат Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирларининг 4-анжумани доирасида имзоланган. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлари имзо чеккан. Протоколнинг мақсади ТДТга аъзо давлатлар ўртасида донорлик ва орган трансплантацияси жараёнларини мувофиқлаштирувчи ягона ахборот тизимини яратиш ҳисобланади.
LiveБарчаси