Туркий давлатлар донор органларининг ягона базасини яратади
Олам
−
09 Октябрь
3933Кеча, 8 октябрь куни туркийзабон давлатларнинг Соғлиқни сақлаш вазирлари “Türktransplant” ягона ахборот тизимини яратиш бўйича протокол имзолади. Бу ҳақда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, ҳужжат Озарбайжоннинг Шуша шаҳрида Туркий давлатлар ташкилотига (ТДТ) аъзо давлатлар Соғлиқни сақлаш вазирларининг 4-анжумани доирасида имзоланган. Унга Озарбайжон, Қозоғистон, Ўзбекистон, Қирғизистон ва Туркия Соғлиқни сақлаш вазирлари имзо чеккан.
Протоколнинг мақсади ТДТга аъзо давлатлар ўртасида донорлик ва орган трансплантацияси жараёнларини мувофиқлаштирувчи ягона ахборот тизимини яратиш ҳисобланади. “Türktransplant” тизими донорлар ва олувчилар ҳақидаги маълумотлар алмашинувини таъминлаш, орган трансплантациясини ташкил қилишни осонлаштириш ва донорлик ҳамда трансплантация билан боғлиқ масалаларни биргаликда ҳал қилишга имкон яратади.
Шунингдек, протокол ташхис қўйиш усулларини стандартлаштириш, трансплантация марказларини яратиш ва операцияларни амалга ошириш, шунингдек, тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш мақсадида биргаликда тренинглар ўтказишни назарда тутади. Асосий мақсадлардан бири ТДТ давлатларида орган трансплантацияси бўйича ягона қонунчиликни ишлаб чиқиш ва аъзо давлатлар ўртасида ўзаро ҳамкорлик асосида донор органлари базасини яратиш.
Маълум қилинишича, барча тадбирлар Туркий давлатлар ташкилотига аъзо мамлакатларнинг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Халқаро туркий академия ва Турк лингвистик жамияти томонидан ташкил этилган умумий турк алифбоси бўйича комиссиянинг учинчи сессияси якунлангани хабар қилинган эди. Унга кўра, комиссия фаолияти натижасида 34 та ҳарфдан иборат умумий туркий алифбо бўйича келишувга эришилган.