Қирғизистонда давлат тилида хизмат кўрсатмаган ресторанлар жавобгарликка тортилиши мумкин
Олам
−
26 Декабрь
1105Қирғизистонда мижозларга давлат тилида хизмат кўрсатмайдиган муассасалар жавобгарликка тортилиши мумкин. Бу ҳақда Давлат тили бўйича миллий комиссия раҳбари Мерлис Мурталиев хабар берди.
Қайд этилишича, комиссия Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга ўзгартишлар киритиш ташаббуси билан чиққан. Унда қирғиз тилида хизмат кўрсатишни рад этган муассасаларни жавобгарликка тортиш таклиф этилмоқда. Бунга фуқаролардан келиб тушган кўплаб шикоятлар сабаб бўлган. Шикоятларда кафе, ресторан ва бошқа муассасаларда ходимлар мижозларга фақат рус тилида хизмат кўрсатаётгани таъкидланган.
Мураталиев ҳар қандай қонунни бузганлик учун маъмурий жавобгарлик назарда тутилганини айтди. Бироқ давлат тили тўғрисидаги қонунда у мавжуд эмас. Бундай норма ҳеч қачон бўлмаган ва ҳеч ким жавобгарликка тортилмаган.
“Жорий йилда биз Ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги кодексга шундай нормани киритишни таклиф қилмоқдамиз. Бир-икки марта жазоланганидан сўнг, одамлар ўз хатти-ҳаракатларини тузатишни бошлайди”, деди у.
Муроталиевнинг таъкидлашича, қонун лойиҳаси бўйича давлат ва хусусий ташкилотлар, хизмат кўрсатиш соҳаси объектлари маъмурий жавобгарликка тортилади.
Маълумот учун, амалдаги давлат тили қонунига кўра, фуқароларга хизмат кўрсатиш қирғиз тилида бўлиши шарт, бироқ бунинг баробарида айтилганларни расмий ёки бошқа тилда ҳам такрорлаш мумкин. Шу билан бирга, товарлар ҳақидаги реклама ҳар иккала тилда ҳам тақдим этилиши лозим.
Июль ойида Президент парламент 31 май куни қабул қилган “Давлат тили тўғрисида”ги конституциявий қонунни имзолади. Янги ҳужжатда давлат тилининг қўлланиш соҳалари аниқ белгиланган.
Шу тариқа, қирғиз тили давлат ҳокимияти органлари, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш идоралари ва давлат корхоналарининг иш тили бўлиб белгиланди. Асосий ўзгаришлардан бири – давлат хизматчилари, депутатлар, ўқитувчилар, судьялар, прокурорлар, адвокатлар ва тиббиёт ходимлари учун қирғиз тилини билиш мажбурий этиб белгиланди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь