Қирғизистонда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари ҳибсга олинди
Олам
−
13 Ноябрь
5238Қирғизистонда Президент Садир Жапаров томонидан ишдан бўшатилган Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Қубан Адил ўғли уюшган жиноий гуруҳни молиялаштиришда айбланмоқда. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Қайд этилишича, Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари Қубан Адил ўғли Қирғизистон ИИВ Тергов хизмати терговчисининг аризасига кўра, тергов изоляторига жойлаштирилган. Бишкекнинг Первомайский туман суди тергов талабини қаноатлантириб, эҳтиёт чорасини тасдиқлаган.
Дастлабки маълумотларга кўра, Қубан Адил ўғли бир қанча оғир жиноятларда, жумладан, Қирғизистон Жиноят кодексига асосан “Оммавий тартибсизликлар”, “Уюшган гуруҳ тузиш ёки унда иштирок этиш”, “Уюшган гуруҳлар ва жиноий жамоаларни молиялаштириш”, шунингдек, “Ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш”да айбланмоқда.
Маълумот учун, жорий йил 30 апрелда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Қубан Адил ўғлини Бош прокурор ўринбосари лавозимидан озод этиш тўғрисидаги фармонни имзолаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистонда оммавий тартибсизликлар уюштириш ва ҳокимиятни зўравонлик билан эгаллашга алоқадорликда гумонланган етти киши қўлга олинган эди.
LiveБарчаси