Қирғизистонда АЭС қурилиши бўйича референдум ўтказилади
Олам
−
03 Апрель 2338 2 дақиқа
Қирғизистонда атом электр станциясини (АЭС) қуриш масаласида референдум бўлиб ўтади. Бу ҳақда мамлакат Бош вазирининг биринчи ўринбосари Дониёр Омонкелдиев маълум қилди.
Қайд этилишича, Қирғизистон ҳукумати АЭС қурилиши масаласида давлат корпорацияси “Росатом” билан музокараларни давом эттирмоқда. Омонкелдиевнинг айтишича, ҳозирги босқичда лойиҳа ишга туширилаётгани ҳақида эмас, балки тайёргарлик – зарур инфратузилмани ривожлантириш ва мутахассисларни тайёрлаш ишлари билан шуғулланилмоқда.
“Биз ‘Росатом’ билан инфратузилма яратиш ва кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорлик қилмоқдамиз. Фақат шундан сўнг қурилиш масаласини кўриб чиқиш мумкин бўлади”, деган у.
Вазир ўринбосари, шунингдек, якуний қарор фуқаролар иштирокида қабул қилинишини ва масала референдумга чиқарилиши режалаштирилганини маълум қилган.
“Замон билан ҳамнафас бўлиш ёки бўлмасликни халқ билан маслаҳатлашиб ҳал қиламиз”, деган Омонкелдиев.
Қирғизистон учун атом энергетикасини ривожлантириш энергетика танқислигини ҳал этишнинг муҳим ечимларидан бири бўлиши мумкин. Омонкелдиевнинг айтишича, иқтисодиёт ўсиши қўшимча қувват талаб қилади ва ҳозирда атом энергетикаси барқарор энергия манбаи сифатида кўриб чиқилмоқда.
“Росатом” бош директори Алексей Лихачёв ҳам ОАВга берган интервьюсида Қирғизистонда ҳам кичик, ҳам ўрта қувватли атом электр станцияларини қуришга тайёрлигини тасдиқлаган. Бу масалада ҳозирда Қирғизистон энергетика вазирлиги билан музокаралар олиб борилмоқда.
Унинг сўзларига кўра, томонлар музокараларни шошилмай олиб бормоқда, чунки йирик атом лойиҳасида иштирок этиш барча хавф ва фойдаларни пухта таҳлил қилишни талаб қилади.
“Албатта, биз Қирғизистонда ҳам кичик, ҳам ўрта қувватли атом электр станцияларини қуришга тайёр эканлигимизни бир неча бор айтганмиз ва ҳозирда бу масалада Энергетика вазирлиги билан музокаралар олиб бормоқдамиз. Бу музокаралар шошилмасдан давом этмоқда, чунки йирик атом лойиҳасига киришдан олдин барча жиҳатлар пухта баҳоланиши керак”, деган “Росатом” бош директори.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида ва Жиззах вилоятининг Фориш туманидаги бўлажак АЭС қурилиш майдончасида бўлиб ўтган тадбирлар доирасида стратегик ҳамкорликка оид муҳим ҳужжатлар имзоланди ҳамда дастлабки бетон ишларига расман старт берилганди.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Россия Федерацияси Президенти Владимир Путин билан Ўзбекистондаги илк АЭС қурилишини муҳокама қилган.
Шунингдек, Ўзбекистондаги АЭС қурилиш майдончасида фақатгина битта кичик блокнинг барпо этилиши Россия корхоналарини 2 триллион рублгача (тахминан 24,7 млрд доллар) бўлган буюртмалар ва тахминан мингта иш ўрни билан таъминлаши хабар қилинган.
Live
Барчаси