Қирғизистонда 11 нафар мустақил журналист ҳибсга олинди
Олам
−
17 Январь
3890Қирғизистон ҳукумати бу ҳафта тўртта мустақил нашрнинг 11 журналистини ҳибсга олди. Бу ҳақда Қирғизистон ИИВ ахборот хизмати хабар берди.
Қирғизистонда 16 январь, сешанба куни полиция бир қанча мустақил нашрлар журналистлари, жумладан, сиёсий мавзуларга ихтисослашган Temirov Live YouTube-канали муаллифлари офислари ва уйларида тинтув ўтказган. Бу ҳолатни халқаро ҳуқуқ ташкилотлари мамлакатда демократик меъёрлар чекинаётгани билан изоҳламоқда.
Шунингдек, Бишкек полицияси "24.kg" мустақил газетаси таҳририятида ҳам рейд ўтказган ва унинг директори ҳамда икки етакчи муҳарририни сўроқ қилиб, қисқа муддатга изоляторга олган.
Ҳуқуқ ҳимоячиси Замир Жўшевнинг маълум қилишича, кеча, 16 январь куни ИИВ Тергов хизматига олиб кетилган ва сўроқ қилинган 11 нафар журналист 48 соатга ҳибсга олинган.
Унга кўра, Махабат Тажибек қизи (Temirov Live директори), Сапар Акунбеков (“Айт айт десе”), Азамат Ишенбеков (“Айт айт десе”), Сайпидин Султоналиев (“Арча Медиа”), Актилек Капаров (“Алга Медиа”), Тинистан Асипбеков (“ПолитКлиника”), Мақсат Тажибек ўғли (Temirov Live), Жоудар Бузумов, Жумабек Турдалиев, Айке Бейшекева, Оқил Ўрозбековлар қамоқда сақланмоқда.
Қўлга олинганлар Жиноят кодексининг 278-моддаси (Оммавий тартибсизликлар), 3-боб (Ҳокимиятнинг қонуний талабларига фаол бўйсунмаслик ва оммавий тартибсизликларга чақириш, шунингдек, фуқароларга нисбатан зўравонликка чақириш) билан айбланмоқда. 48 соатдан кейин уларнинг иши судда кўриб чиқилиши айтилмоқда.
“Шубҳали айбловлар асосидаги ҳибсга олишларнинг бу тўлқини маҳаллий журналистик суриштирувни йўқ қилишдан иборат”, дейди “Чегара билмас мухбирлар” халқаро ташкилотининг Шарқий Европа ва Марказий Осиё бўлими раҳбари Жанна Кавеле.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси расмий вакили Лиз Троссел эса, ташкилот Қирғизистонда журналистларнинг ҳибсга олинишидан хавотирда эканини билдирган.
“Ҳукуматнинг сўнгги ҳаракатлари фуқаролик жамияти фаоллари, журналистлар ва ҳокимиятнинг бошқа танқидчиларига нисбатан кенгроқ босимнинг бир қисми бўлиб кўриняпти. Инсон ҳуқуқлари, жумладан, сўз эркинлигининг қонуний амалга оширилиши учун жазолаш инсон ҳуқуқларига зиддир”, дейди Лиз Троссел.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ҳукуматга қарши чиқмоқчи бўлганлар қаттиқ жазоланишини айтган эди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь