Қирғизистон ва Тожикистон чегарасида портлаш содир бўлди
Олам
−
06 Январь
10429Қирғизистоннинг Тожикистон билан чегарадош Арка-2 қишлоғида кеча, 5 январь куни номаълум маиший қурилманинг портлаши оқибатида аёл ва унинг 12 ёшли қизи жароҳат олди. Бу ҳақда Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига таяниб, “24.kg” хабар берди.
Нашрнинг ёзишича, аёл уйдаги эски қурилиш материаллари ва темир-терсаклар бўлган шийпон тагини тозалаётганда номаълум портловчи буюм (снаряд) портлаган.
“Воқеа жойи дарҳол ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари томонидан ўраб олинган, ҳозирда ҳодисанинг барча ҳолатларини аниқлаш бўйича суриштирув ишлари олиб борилмоқда”, дейилади хабарда.
Портлаш оқибатида аёл ва унинг 12 ёшли қизи шрапнелдан жароҳат олиб, шифохонага ётқизилган. Ҳар икки жабрланувчининг аҳволи барқарор деб баҳоланмоқда. Бундан ташқари, шу куни Қирғизистон ва Тожикистон ҳуқуқ-тартибот идоралари вакилларининг учрашуви бўлиб, унда Тожикистон томонига воқеа ҳақида маълумот берилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги чегара масалалари икки томоннинг ўзаро манфаатларини ҳисобга олган ҳолда ҳал этилгани ҳақида хабар берилганди. Тожикистон билан чегара ҳудудидаги барча постлар очилиши ва мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқалар тикланиши режалаштирилган. 3 йил давомида ёпиқ қолган чегара постлари иқтисодий зарарга олиб келган, аммо энди савдо ва ҳамкорликни янада кучайтириш мақсад қилинган. Қирғизистон Президенти Садир Жапаровга кўра, чегарадаги келишувлар ҳал қилиниши билан бу ҳудудларга инвесторлар ва сайёҳлар жалб қилинади.
Моҳимбегим Маъруфалиева
LiveБарчаси
07 Январь