Қирғизистон ва Тожикистон чегара чизиғи бўйича келишувга эришди
Олам
−
19 Октябрь 2023
5205Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари икки давлат ўртасидаги қарийб 14 километрлик чегара чизиғи бўйича келишувга эришди. Бу ҳақда Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси маълум қилди.
“Тожикистон Республикасининг Суғд вилояти Бўстон шаҳрида Қирғизистон Республикаси ва Тожикистон Республикаси ҳукумат делегациялари топографик ишчи гуруҳларининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича Қирғизистон-Тожикистон давлат чегарасининг 13,98 километри тўғрисида келишиб олинди”, дейилади хабарда.
Вазирлар Маҳкамасининг аниқлик киритишича, мажлис якунида тегишли баённома имзоланган.
“Томонлар Қирғизистон Республикаси ҳудудида бўлиб ўтадиган навбатдаги учрашувда қолган ҳудудларни тавсифлаш устида ишлашни давом эттиради”, дейилади хабарда.
Маълумотларга кўра, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 км ни ташкил этади. 2002 йилнинг декабрь ойидан бошлаб уни делимитация қилиш (давлат чегарасини унинг ўтиш жойини тавсифлаш ва харитада чизиш) бўйича музокаралар давом этмоқда.
Ҳозирги вақтда чегара чизиғининг учдан икки қисмидан кўпроғи давлатлар томонидан белгиланган ва ўзаро тан олинган, қолган участкалар эса баҳсли ҳисобланади. Ушбу муаммонинг ечим топмаётгани оқибатида маҳаллий аҳоли ва ҳарбий хизматчилар ўртасида қуролли низолар келиб чиқяпти.
Айни пайтда Қирғизистон Тожикистондан ташқари барча қўшни давлатлар билан чегарани демаркация ва делимитация қилишни якунлаган.
LiveБарчаси