Қирғизистон-Тожикистон чегарасида жанжал чиқди
Олам
−
25 Июль 2023
10419Қирғиз-тожик чегараси яқинида маҳаллий аҳоли ўртасида можаро чиқди. Бу ҳақда Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитасига таяниб, “24.kg” хабар берди.
Айтилишича, Қирғизистон фуқаролари, Оқ-Сай қишлоғида яшовчи Д.Ж. ва Д.А.лар шахсий автомашинасида Оқ-Сай-Кўк-Тош автомобиль йўли бўйлаб кетаётган бўлган. Айни вақтда Ворух анклавидан Хўжай-Аало қишлоғи томон йўл бўйлаб Тожикистон фуқароларига тегишли саккизта автомобиль ҳаракатланаётган эди. Тожикистон фуқаролари ўз машиналарида Қирғизистон фуқароларининг машинасини кесиб ўтмоқчи бўлган. Оқибатда Дача массивида Қирғизистон ва Тожикистоннинг юқорида қайд этилган фуқаролари ўртасида жанжал келиб чиққан.
Можаро авж олишига йўл қўймаслик мақсадида воқеа жойига Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ҳудудий бўлинмаси ходими етиб борган. Бироқ у воқеа жойига яқинлашганда, Тожикистон фуқаролари – Хўжай-Аало қишлоғи аҳолиси унга ҳужум қилган. Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходими у ердан чиқиб кетишга муваффақ бўлган, бироқ Тожикистон фуқаролари уни калтаклашга уринган, шунингдек, машинасининг орқа ойнасини ҳам синдирган.
Шундан сўнг, мазкур можаро кучайишини олдини олиш мақсадида томонларнинг чегара вакиллари, ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбарлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари раҳбарлари ўртасида бир қатор учрашувлар ўтказилган.
Учрашувлар натижасида икки томон ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан, Дача массивида ва Хўжай-Аало чегара пости олдида ўрнатилган назорат-ўтказиш пунктларини олиб ташлашга қарор қилинган. Ҳудудий ҳуқуқ-тартибот идоралари бўлинмалари томонидан қўшма патруль хизмати ташкил этилиши режалаштирилган.
Учрашувда томонлар ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказиш, иштирок этган шахсларни аниқлаш ва етказилган зарарни қоплаш тартибини ҳам кўриб чиққан. Тожикистон томони Қирғизистон Ички ишлар вазирлиги ходимининг машинасига етказилган зарарни тиклашга тайёрлигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг кузида Тожикистон ва Қирғизистон чегарасида қуролли можаро кузатилганди. Унда 60 дан ортиқ киши ҳалок бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь