Қирғизистон Туркиядан яна ҳарбий дрон сотиб олди

Технология

image

Қирғизистон Туркиянинг “Anka” модификациядаги учувчисиз учиш аппаратлари (дрон)ни сотиб олди. Бу ҳақда бугун, 17 январь куни Қирғизистон Президенти Администрациясининг ахборот сиёсати бўлими раҳбари Дайирбек Ўрунбеков Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Ўрунбеков сотиб олинган техникалар сонини маълум қилмаган бўлсада, Туркиядан “Байрактар”, “Ақсунгур”, “Акинжи”, “Аnkа” каби замонавий ҳарбий техникалар ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари харид қилиниб, Қирғизистонга етказиб келинганини ёзган. Уларнинг барчаси Қирғизистон Республикаси Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Чегара хизматига топширилган.

Ўрунбековнинг таъкидлашича, Қирғизистонда Боткендаги тўқнашувлардан сўнг қуролли кучлар ва хавфсизликни мустаҳкамлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, юқоридаги каби ҳарбий техникаларни сотиб олиш учун бюджет маблағларини тежаш мақсадида ўтган йил охиридан бошлаб давлат идоралари ходимларининг ҳар чораклик устама пуллари тўланмайдиган бўлган.

“Устаманинг вақтинча тақсимланмагани билан давлат ходимлари мамлакат хавфсизлигини мустаҳкамлашга оз бўлсада, ҳисса қўшди. Мамлакат ўз хавфсизлигини таъминлай олмаса, давлат хизматчиларига бериладиган “чораклик мукофот”, қўшимча маблағлар фойдасиз бўлиб қолиши аниқ. Шу боис, айрим ҳамкасбларнинг “мукофот кесилди”, деб хафа бўлиши ўринсиз”, деб ёзган Дайирбек Ўрунбеков.

Маълумот учун, “Аnkа” дронларининг қанотлари кенглиги 17,5 метр, узунлиги 8,6 метр ва баландлиги 3,2 метрни ташкил қилади. Қурилманинг оғирлиги 1,7 тонна бўлиб, дрон 350 килограмгача юкни кўтара олади ва шу юк билан ҳавода 30 соатгача учиши мумкин. “Аnkа” соатига 200 километр тезликда учади ва ер сатҳидан 9,1 минг метр баландликка кўтарилиши мумкин.

Алибек Бейжанов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг