Қирғизистон Тожикистон билан чегара муаммосини ҳал қила оладими?
Олам
−
07 Март 2023
7212Қирғизистон ва Тожикистон вакиллари март ойида умумий чегарадаги баҳсли ҳудудлар масаласи бўйича музокараларнинг навбатдаги босқичини ўтказади. Бу ҳақда бугун, 7 март куни Қирғизистон Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизмати хабар берди.
“2023 йилнинг 10-16 март кунлари Қирғизистон Республикаси ҳукумат делегацияси Душанбе шаҳрида тожикистонлик ҳамкасблари билан учрашув ўтказади, унда улар давлат чегарасининг умумий участкасини делимитация ва демаркация қилиш масалаларини муҳокама қиладилар”, дейди Вазирлар Маҳкамаси вакили.
Унинг сўзларига кўра, Тожикистонда бўлиб ўтадиган йиғилишда Қирғизистон ишчи гуруҳи таркибига Вазирлар Маҳкамасининг чегара масалалари бўйича махсус вакили Назирбек Бўрубоев бошчилигидаги 15 киши киради.
Қирғизистон ва Тожикистон ўртасидаги давлат чегарасининг узунлиги қарийб 980 км. 2002 йилнинг декабрь ойидан буён унинг делимитацияси бўйича музокаралар давом этмоқда. 2017 йилдан бери Душанбе ва Бишкек бу жараённи сезиларли даражада кучайтирди. Ҳозирги вақтда чегара ўтиш чизиғининг учдан икки қисмидан кўпроғи аниқланган ва давлатлар томонидан ўзаро тан олинган, қолган участкалари баҳсли ҳисобланади.
Ушбу муаммонинг ҳал бўлмагани икки республиканинг маҳаллий аҳолиси ва ҳарбий хизматчилари ўртасида, шу жумладан ўқотар қуролдан фойдаланиш билан боғлиқ низоларга бир неча бор сабаб бўлган. Уларнинг охиргиси 2022 йил кузининг бошида содир бўлган, Қирғизистон томонида тўқнашувлар чоғида 60 дан ортиқ одам ҳалок бўлган. Қирғизистон Қозоғистон, Хитой, Ўзбекистон ва Тожикистон билан чегарадош. Ҳозирча демаркация ва делимитация жараёнини фақат Тожикистон томони билан якунлаб бўлмади.
LiveБарчаси