Қирғизистон Россияга ишчи кучи экспортини давом эттиради
Олам
−
29 Ноябрь
2364Қирғизистон Россияга ишчи кучини экспорт қилишни давом эттиради. Бу ҳақда республика Бош вазири ўринбосари Эдиль Байсалов “News.ru” сайтига берган интервьюсида маълум қилди.
Байсаловга кўра, Россия Қирғизистон учун ишчи кучи экспортининг анъанавий бозори ҳисобланади ва икки давлат стратегик ҳамкорлардир.
“Биз ёш аҳолига эга мамлакатмиз (фуқароларнинг учдан икки қисми 32-33 ёшдан кичик, мустақиллик йилларида туғилган). Шундай экан Россияга ишчи кучини экспорт қилишни давом эттирамиз. Россия биз учун анъанавий бозор ҳисобланади”, деди Эдиль Байсалов.
Унга кўра, маълум даврларда қирғизистонлик меҳнат мигрантларининг 95 фоизи Россияда бўлган. Улар шифокорлар, ўқитувчилар, олимлар ва педагоглар сифатида фаолият юритган. Қирғизистонликлар замонавий Россия иқтисодиётининг кўплаб секторларига, хусусан, хизмат кўрсатиш соҳасига (меҳмонхоналар, кафелар ва бошқалар) катта ҳисса қўшмоқда. Бироқ сўнгги икки-уч йил ичида Россиядаги қирғизистонлик меҳнат мигрантлари сони камайган.
“Меҳнат ресурсларининг эркин ҳаракати – Евросиё иқтисодий иттифоқининг асосий тамойилларидан бири. Бизнинг асосий ҳужжатларимизда бошқа иттифоқ давлатларининг фуқаролари билан бир хил асосда меҳнат бозорига кириш ҳуқуқига эга эканимиз ёзилган”, деди Байсалов.
Байсалов, шунингдек, Қирғизистонда ҳам минглаб россияликлар фаолият юритаётганини қайд этиб, бу кўрсаткични оширишга умид билдирган.
“Биз олий ўқув юртларига юзлаб ўқитувчиларни ёлламоқдамиз. Россия фанлари ва таълими бизни жуда қизиқтиради. Талабаларни юбориш яхши, аммо тўлиқ кафедралар ташкил этиш, айниқса, аниқ фанлар бўйича бўлимларни очиш яхшироқ. Тоғ-конь саноати ва йўл қурилишини фаол ривожлантирамиз, бу соҳаларда бизга мутахассислар керак”, деди Қирғизистон ҳукумати раисининг ўринбосари.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россияда иш ҳақлари ошганига қарамай, меҳнат мигрантлари ўз ватанларига қайтишни афзал кўриб, жорий йил давомида мамлакатдан тахминан бир миллион чет эллик чиқиб кетгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси