Қирғизистон Россия ТИВга нота юборди
Олам
−
08 Июнь
28203Қирғизистон Россия Ташқи ишлар вазирлигига қирғизистонлик такси ҳайдовчиси ва "махсус операция" (Украинадаги уруш) иштирокчиси ўртасида содир бўлган воқеа юзасидан нота юборди. Бу ҳақда Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.
“Қирғизистон Республикасининг Россия Федерациясидаги элчихонаси Россия Федерацияси Ташқи ишлар вазирлигига ушбу фуқарога (такси ҳайдовчиси) нисбатан қўзғатилган жиноят ишини холис ва ҳар томонлама кўриб чиқиш талаби билан расмий нота юборди”, дейилади хабарда.
Нота бир қатор оммавий ахборот воситаларида 3 июнь куни Москвада "махсус операция" иштирокчиларини машинасига ўтказишдан бош тортган қирғизистонлик такси ҳайдовчисига нисбатан жиноий иш қўзғатилгани ҳақидаги маълумотлар эълон қилингани юзасидан юборилган.
Хабарда таъкидланишича, Қирғизистоннинг Россия Федерациясидаги элчихонаси такси ҳайдовчисига унинг аризасига асосан “зарурий консуллик ва юридик ёрдам” кўрсатган.
“Натижада жиноят таркибининг йўқлиги сабабли Қирғизистон фуқаросига нисбатан жиноий иш юритиш тугатилди”, дея таъкидлайди Қирғизистон ТИВ.
Эслатиб ўтамиз, 29 апрель куни Россиянинг Тожикистондаги элчиси Семён Григорьев Тожикистон Ташқи ишлар вазирлигига чақирилиб, унга Россия Федерацияси ҳудудида республика фуқароларининг “ҳуқуқлари бузилгани” муносабати билан нота топширилганди.
LiveБарчаси