Қирғизистон Президенти Ўзбекистонга миннатдорлик билдирди
Жамият
−
18 Декабрь 2020
21457Қирғиз Республикаси Президенти вазифасини бажарувчиси Талант Мамитов Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Давлат раҳбарлари кенгашининг видеоанжуман шаклидаги саммитида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирди.
“Ўзбекистон тарафига Қирғизистонда иккита модуллик юқумли касалликлар шифохонасини қурилганлиги муносабати билан миннатдорчилик билдирмоқчиман”, деган Мамитов саммитдаги нутқида.
Тожикистон Республикаси Президенти Имомали Раҳмон саммитдаги нутқида пандемия шароитига қарамай Ўзбекистон ташкилотга раислиги вақтида қатор муҳим қарорларни қабул қилганини таъкидлаб ўтди.
“Биринчи навбатда, МДҲ давлат Раҳбарлари Кенгаши Раиси – Шавкат Миромонович Мирзиёевга Кенгашнинг бугунги йиғилишини ташкиллаштиргани учун миннатдорчилик исҳор билдираман. Жуда мураккаб шароитда ўзбек дўстларимиз раислик мақсадларини муваффақиятли амалга ошириб Ҳамдўстлик учун муҳим аҳамиятга эга бўлган қатор қарорлар қабул қилишга эришди”, деган Раҳмон.
Аввалроқ, Ўзбекистон 2021 йилда Беларусь билан биргаликда МДҲда ҳамраислик қилиши ҳақида хабар берган эдик.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон пандемия бошланганидан бери Қирғизистонга бир неча марта инсонпарварлик ёрдами юборди. Сўнгги бор ноябрь ойида шундай ёрдам юки қўшни республикага етказилганди.