Қирғизистон қандай қилиб “қулоғигача қарзга ботди?”

Олам

image

Бугунги кунда Қирғизистоннинг асосий кредитори Хитойнинг “Эксимбанк”и ҳисобланади. Мамлакатнинг ушбу банкдан 1,7 миллиард доллардан ортиқ қарзи бор. Қолаверса, республика 90 фоиз қарзини Алмазбек Атамбаевнинг президентлиги даврида олган. юу ҳақда "24.kg" хабар берди.

Қирғизистон “Эксимбанк”дан биринчи кредитни 1992 йилда олган. Бу миқдор бугунги меъёрлар бўйича кичик эди – тахминан 5 миллион доллар. Республика ўз тўловларини мунтазам равишда тўлаб борган ва 2000 йилга келиб қарзидан бутунлай қутилган.

Ўша пайтда миқдорлар кичик эди, шунинг учун унчалик ташвиш туғилмади. Хитойдан бўлган қарздорлик 2008 йилдан бошлаб кескин ўсишни бошлади. Ўшанда Қирғизистон бир йил ичида 38 миллион доллар қарз олган. Ва бу фақат бошланиши эди. Ўшандан бери кўпроқ кредитлар олинган ва қарзлар кескин ўсган.

“Эксимбанк”нинг кредитлаш шартлари жуда қаттиқ эди. Шунинг учун президентлар Асқар Акаев ва Қурманбек Бакиев бу банкдан пул олишга шошилмади. Хитой томонидан ажратилган барча маблағлар кредит сифатида берилди. Улар 5 йилдан 11 йилгача имтиёзли давр билан 20 йил муддатга тақдим этилди. Кредит комиссияси йилига 1,5-2 фоизни ташкил қилади.

Кредитлар нима учун ишлатилган?

Умуман олганда, Хитой Экспорт-импорт банки маблағлари ҳисобидан Қирғизистонда 2 миллиард 87,6 миллион долларлик тўққизта лойиҳа амалга оширилган ёки амалга оширилмоқда. Бу, асосан, йўлларни қайта тиклаш, электр тармоқларини модернизация қилиш ва қуриш ҳамда Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш ишларидир.

Қирғизистон Хитойдан энг кўп кредитларни Алмазбек Атамбаев президентлиги даврида олган – 1,5 миллиард доллардан кўпроқ (Хитой олдидаги умумий қарзнинг 90 фоизи). Агар 2010 йил охирида Хитойдан олинган қарз бор-йўғи 150,9 миллион долларни ташкил этган бўлса, 2017 йилда бу миқдор 1 миллиард 708 миллион долларга етган эди.

Энг қиммат лойиҳа шимолдан жанубга муқобил йўлни қайта тиклаш бўлди. Бунинг учун дастлаб 399,9 миллион доллар ажратилган. Кейинчалик лойиҳа учун концессия ва имтиёзли кредит шартномалари тузилди. Натижада биргина мазкур лойиҳа учун ажратилган кредитларнинг умумий ҳажми 698,6 миллион долларга етди.

Яна иккита лойиҳа Қирғизистон учун қимматга тушди. Бу “Датка-Кемин” электр узатиш линияси қурилиши ва Бишкек иссиқлик электр станциясини модернизация қилишдир. Лойиҳанинг қиймати 775,8 миллион долларга етди.

Жиноий ишлар ва энг юқори тўловлар

Хитой маблағлари ҳисобидан қурилган энг қиммат лойиҳалар ортидан турли маш-машалар чиқди. Иссиқлик электр станциясини модернизация қилиш бўйича жиноий иш қўзғатилиб, у давлатга 5,4 миллиард сўм зарар етказиш айбловлари билан якунланди. Алмазбек Атамбаевнинг ўзи ҳам, унинг давридаги деярли барча амалдорлар ҳам Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг тергов изоляторида ўтиришга муваффақ бўлган.

Аммо Қирғизистондаги жанжал ва ўзаро қарама-қаршиликлар Хитой “Эксимбанк”ини унчалик қизиқтирмайди. Унинг учун муҳим бўлган нарса – бу мажбуриятларни қатъий бажариш. Энди расмийлар ХХРдан қарз олишга шошилмаяпти. Сабаби, улар эҳтиёткорроқ бўлиб қолганларида эмас. Шунчаки, Хитойга қарзни тўлашнинг чўққиси 2025 йилдан 2027 йилгача кутилмоқда. 2034 йилга келиб Қирғизистон Хитойга берилган барча кредитларни тўлиқ тўлаши керак.

Аммо бу бошқа кредитлар бўлмайди дегани эмас. Қирғизистон Хитой компаниялари билан ёқилғи-энергетика соҳасида 20 га яқин шартнома имзолаган. Унинг шартлари номаълум. Улар Қирғизистоннинг Хитой олдидаги қарз мажбуриятларига яна бир неча ўнлаб, ҳатто юзлаб миллионларни қўшиши мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой Қирғизистон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг