Қирғизистон элчиси Украина ТИВга чақиртирилди
Олам
−
21 Июль 2023
10065Кеча, 20 июль куни Украина Ташқи ишлар вазирлиги Қирғизистон элчиси Идрис Қодирқуловни чақиртирди. Бу ҳақда вазирлик сайтида хабар берилди.
Қайд этилишича, Украина Ташқи ишлар вазирлиги Россияга қарши санкцияларни четлаб ўтиш учун Қирғизистон юрисдикциясидан фойдаланиш, хусусан, икки мақсадли маҳсулотлар ва қурол ишлаб чиқариш учун ишлатилиши мумкин бўлган юқори технологияли бутловчи қисмлар ва маҳсулотларни етказиб бериш ҳақидаги маълумотларга аниқлик киритмоқчи.
“Вазирлик эътибори Қирғизистон Республикаси жаҳон ҳамжамиятининг аъзоси сифатида Россияга қарши халқаро санкциялар сиёсатига риоя қилиш учун жавобгар бўлиши кераклигига қаратилди. Қирғизистон ҳудудидан Россия Федерациясига ҳарбий техника жиҳозлаш учун ишлатилиши мумкин бўлган товарларни реэкспорт қилиш Украина томонидан Россиянинг Украинага қарши агрессив урушини қўллаб-қувватлашга қаратилган нодўстона ҳаракатлар сифатида баҳоланиши алоҳида таъкидланди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни “The Washington Post” газетаси ўз манбаларига таяниб, Қўшма Штатлар Қирғизистоннинг бир неча компаниялари ва жисмоний шахсларини Россия Федерациясига нисбатан жорий этилган санкцияларни бузгани сабаб “қора рўйхат”га киритишга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси республика расмийлари ва давлат компаниялари АҚШ ва бошқа бир қатор Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бузмаганини маълум қилди.
Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси Оқилбек Жапаров ҳам АҚШ маъмурияти Бишкекка қарши иқтисодий чоралар тайёрлаётганига изоҳ берган. У Қозоғистонга Хитойда ишлаб чиқарилган дронлар Қирғизистон орқали олиб кирилгани ҳақида асосли далиллар келтирилмаганини айтган.
Кеча, 20 июль куни АҚШ Молия вазирлиги Қирғизистоннинг тўртта компаниясига қарши санкция киритганини эълон қилди.
LiveБарчаси