АҚШ Қирғизистон компанияларига санкция қўллади
Олам
−
21 Июль 2023
8059Кеча, 20 июль куни АҚШ Молия вазирлиги Қирғизистоннинг тўртта компаниясига қарши санкция киритганини эълон қилди. Бу ҳақда АҚШ Молия вазирлигининг пресс-релизида маълум қилинди.
Қайд этилишича, “қора рўйхат”дан жой олган компаниялар орқали Россия Ғарб давлатлари чекловларини четлаб ўтиб, икки мақсадли товарлар ва технологияларни олган.
“Россиянинг Украинага кенг кўламли босқини бошланганидан бери Қирғизистонда жойлашган корхоналар Россияга кўплаб электрон компонентлар ва бошқа технологияларни экспорт қилган. Уларнинг бир қисмини Россия мудофаа сектори корхоналари олган”, дейилади баёнотда.
Шу муносабат билан, Қўшма Штатлар Қирғизистонда рўйхатдан ўтган PM Dezayn and Development компаниясига нисбатан санкциялар жорий қилган. Компания юзлаб товарларни, жумладан яримўтказгичлар, электрон интеграл микросхемалар ва кондансаторларни Россиянинг бир қанча компанияларига юборгани даъво қилинмоқда.
Бундан ташқари Қирғизистоннинг Progress Lider, "ГТМЭ Технологии", “Карголайн” компаниялари АҚШ санкциялари остида қолган.
Эслатиб ўтамиз, 19 июль куни “The Washington Post” газетаси ўз манбаларига таяниб, Қўшма Штатлар Қирғизистоннинг бир неча компаниялари ва жисмоний шахсларини Россия Федерациясига нисбатан жорий этилган санкцияларни бузганликлари сабабли “қора рўйхат”га киритишга тайёрланаётгани ҳақида хабар берган эди. Шундан сўнг Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси республика расмийлари ва давлат компаниялари АҚШ ва бошқа бир қатор Ғарб давлатлари томонидан Россияга нисбатан жорий қилинган санкцияларни бузмаганини маълум қилди. Қирғизистон Вазирлар Маҳкамасининг раиси Оқилбек Жапаров ҳам АҚШ маъмурияти Бишкекга қарши иқтисодий чоралар тайёрлаётганига изоҳ берган. У Қозоғистонга Хитойда ишлаб чиқарилган дронлар Қирғизистон орқали олиб кирилгани ҳақида асосли далиллар келтирилмаганини айтган.
LiveБарчаси