Қирғиз-тожик чегараси бўйлаб отишма бошланди. Душанбе ва Бишкек бир-бирини айблаяпти

Олам 8693
image

Тожикистон ҳарбийлари Қирғизистон билан чегарадаги яна бир қанча ҳудудларни ўққа тута бошлади. Бу ҳақда бугун, 16 сентябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси чегара хизмати маълум қилди.

“Тожикистон томони Боткен вилоятининг Лейлек туманидаги Кулунду, Максат ва Жани-Жер ҳудудларини ўққа тута бошлади. Қирғиз-тожик давлат чегарасининг бутун периметри бўйлаб қуролли тўқнашувлар давом этмоқда”, дейилади матнда.

Чегара агентлиги маълумотларига кўра, чегаранинг қирғиз-тожик қисмида вазият “таранглигича қолмоқда”.

“Ушбу йўналишда жойлашган Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг Чегара хизмати ҳарбийлари ўқ узмоқда”, дейилади хабарда.

Қирғизистон чегара хизматининг маълум қилишича, 16 сентябрь куни эрталаб Тожикистон Қирғизистон чегара отрядларини Эки-Тош, Чир-Добо, Қум-Мозор ва Орто-Бўз ҳудудлари ҳамда “Самарқандек” заставасини ўққа тута бошлаган. Қурбонлар ҳақида ҳозирча маълумотлар йўқ.

Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси маълумотига кўра, Қирғизистон мамлакатнинг аҳоли пунктларига ҳужум қилган.

Исфара шаҳрининг Хўжаи Аъло, Қуммазор, Сурх, Сомониён, Қулканд аҳоли пунктлари, Бобожон Ғофуров туманининг Хистеварз ва Овчиқалъача аҳоли пунктлари Қирғизистон ҳарбийлари томонидан ўққа тутилди, деб хабар берди Миллий давлат қўмитаси Чегара қўшинлари матбуот маркази.

“2022 йил 16 сентябрь куни соат 04:50 атрофида Қирғизистон Республикасининг Боткен чегара отрядига қарашли “Кўктош” чегара пости чегарачилари келишувни бузган ҳолда, Тожикистон Республикаси Исфара чегара отряди “Душанбе” чегара постига ўқ узган. Шу билан бирга Қирғизистон ҳарбий хизматчилари оғир қуроллардан фойдаланган ҳолда Тожикистон Республикасининг аҳоли пунктларига қуролли ҳужум уюштирди”, дейилади хабарда.

Қайд этилишича, томонлар эрталаб соат 06:30 дан бошлаб ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганига қарамай, Қирғизистон Республикаси ҳарбий хизматчилари Тожикистон Республикаси йўналиши бўйича барча турдаги ҳарбий қуроллар ва ҳарбий техникалардан ўқ узишни давом эттирмоқда.

Икки давлат чегарасида вазият 14 сентябрь куни кескинлашган. Қирғизистон томонининг маълум қилишича, тожик чегарачилари чоршанба куни Қирғизистоннинг Боткен вилояти Боткен туманининг Булоқ-Баши ҳудудидаги чегара ҳудудига кириб, “жанговар позицияларини эгаллаган”. Қирғизистон ҳарбийларининг ҳудудни тарк этиш талабига жавобан Тожикистон чегарачилари ўт очган, шундан сўнг отишма бошланган. Орадан бир неча соат ўтиб, Боткен вилоятининг Как-Сай ва Паски-Ариқ туманларида ҳам қуролли тўқнашувлар содир бўлди. Кечқурун отишмалар тўхтаган, қирғиз томони икки нафар ҳарбий хизматчи ва уч нафар тинч аҳоли вакиллари яралангани ҳақида хабар берган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 226
Рейтинг: 3
t
×