Қиммат авиачипталар машмашаси: ЎзА журналисти “Ўзбекистон ҳаво йўллари”ни “уриб” чиқди

Жамият 15204
image

Жорий йилнинг 4 март куни ЎзА сайтида “Ўзбекистонликлар нима учун қўшни давлат аэропортларидан парвоз қилишни афзал кўрмоқда?” сарлавҳали материал эълон қилинган.

Мақолада журналист “Ўзбекистон ҳаво йўллари” орқали чет элга учиш жуда қимматга тушишини асосли далиллар билан келтириб ўтган. Ўзбекистонга қўшни мамлакатларда эса, авиачипталар нархи бирмунча арзонлиги келтирилган. Масалан, Туркияга бориб, етти кун дам олиб қайтиш учун бор-йўғи 500 АҚШ доллари сарфласангиз етади, лекин бунинг учун Чимкентдан учишингизга тўғри келади. Сабаби Қозоғистонда авиачипталар Ўзбекистонга нисбатан анча арзон. Ўзбекистондан Туркияга бориб келиш чиптаси эса тахминан 800 АҚШ долларидан ҳам балан туради.

Шунингдек мақолада, “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси томонидан тақдим этилаётган авиачипталар нархлари туфайли юзлаб ўзбекистонликлар Қозоғистон аэропортлари орқали парвоз қилаётгани қайд этилган ҳамда бир неча ҳақли саволлар ўртага ташланган. Лекин бу мақолага нисбатан тайёр мижозларни йўқотаётган “Ўзбекистон ҳаво йўллари” томонидан бирорта изоҳ билдирилмаган. Шу сабабдан ЎзА журналисти миллий авиакомпанияга махсус мурожаат билан чиқди:

“Мақола ижтимоий тармоқларда кўпчиликнинг эътиборини тортди, кўплаб фикрлар билдирилди. Қисқаси, ҳамма нарх-навонинг сабаби билан қизиқди, мутасаддилардан изоҳ сўради. Мутасаддилар эса негадир кўпчиликни қизиқтираётган саволларга жавоб бериш ёки тушунтиришни истамаётирлар. Тушунтириш зарурлигини тушунмаётган бўлишлари ҳам мумкин. Нима бўлгандаям, авиачипталар нархидаги баланд-пастликни изоҳлаш, одамларнинг сўровларига жавоб бериш маданиятли юртларда оддий қоида ҳисобланади. Шундай эмасми, ҳурматли Бахтиёр Ибрагимович?!”, деб мурожаат қилади ўз мақоласида журналист “Ўзбекистон ҳаво йўллари” миллий авиакомпанияси бош директорига.

Умид қиламизки, ЎзА журналисти ва минглаб ўзбекларнинг ижтимоий тармоқлардаги изоҳталаб гап-сўзларига тез орада мутасаддилар томонидан асосли жавоб эълон қилинади.

Умар Мурод
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 422
Рейтинг: 3
t
×
×