Қиличбозлик. Ўзбекистон Жаҳон кубогида совриндор бўлди

Спорт

qilichbozlika

Кеча, 10 декабрь куни Тошкент шаҳрида Халқаро қиличбозлик федерацияси (FIE) тақвимидан ўрин олган ёшлар ўртасидаги Жаҳон кубогининг 2-кунги беллашувлари ўтказилди ва унда ўзбекистонлик рапирачилар жамоавий дастурда 3-ўринни эгаллаб, шоҳсупадан жой олди.

Муҳаммад Юсуф Асронов, Илёс Молина, Муслимбек Мирзалимов ва Анвархон Солиҳожиевдан иборат жамоа бронза медали учун кечган баҳсда украиналик рақибларини 42:41 ҳисобида мағлуб этишди. Белгиланган 3 дақиқа вақт ўз якунига етган пайтда Ўзбекистон вакиллари бир очко фарқи билан олдинда бораётган эди.

Польша ва Россия жамоалари ўртасида кечган финал беллашувида эса 45:39 ҳисоби қайд этилди ва якунда польшаликлар чемпионликни қўлга киритди.

Бундан ташқари шпага йўналишининг яккалик баҳсарида ҳам ғолиб ва совриндорлар аниқланди. Олтин медаль учун кечган беллашувда мисрлик Муҳаммад Ал Саид россиялик Владимир Толасовни 15:8 ҳисобида мағлуб этиб, чемпионликни тантана қилди. 3-ўрин Россия вакили Кирилл Гуров ва Украина спортчиси Никита Кошманга насиб қилди. Ўзбекистонлик қиличбозлар орасида энг яхши натижани Мирзо Улуғбек Мўминов кўрсатди (21-ўрин). 


 
Эслатиб ўтамиз, мусобақада Ўзбекистон, Россия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хорватия, Озарбайжон, Беларусь, Ҳиндистон, Исроил, Қирғизистон, Швейцария, Украина, Туркия, Польша, Саудия Арабистони ва Қозоғистон мамлакатидан 200 нафардан ортиқ қиличбозлар сабля, рапира ва шпага йўналишларида яккалик ва жамоавий дастурда баҳс олиб боришмоқда.

Маълумот учун, Тошкентда жорий йилнинг 20-21 ноябрь кунлари қиличбозликнинг сабля йўналишида ёшлар ўртасида Жаҳон кубоги баҳслари ўтказилган ва яккалик дастурда Зайнаб Дайибекова, жамоавий беллашувларда эса Ўзбекистон терма жамоаси вакиллари олтин медалга сазовор бўлган эди. 
 


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон Қиличбозлик Fencing FIE Муҳаммад Юсуф Асронов Илёс Молина Муслимбек Мирзалимов Анвархон Солиҳожиев

Баҳолаганлар

5

Рейтинг

2.6

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг