Қибрайдаги ариқдан 3 йилдан бери қон оқаётганининг сабаби аниқланди

Жамият 47349
image

Ижтимоий тармоқлар ҳамда ОАВда Тошкент вилояти Қибрай туманининг “Ўнгқўрғон” маҳалласидаги фермер хўжаликларининг ўртасидан ўтган ариқдан ҳар куни икки маҳал қонли сув оқиши ҳақидаги хабарлар Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси, Санитария-эпидемиология осойишталиги агентлигининг ҳудудий мутахассислари ҳамда инспекторлари томонидан жойига чиқиб ўрганилди. Бу ҳақда Давлат экология қўмитаси Матбуот хизмати хабар бермоқда.

Ўрганиш давомида ҳақиқатан ҳам “Обод Савдо Бизнес” МЧЖ га қарашли қушхона фаолиятидан ҳосил бўлган оқова сувларни зах ариққа оқизилгани маълум бўлган. Ушбу ҳолат юзасидан жорий йилнинг 26 февраль куни Экология ва атроф-мухитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Қибрай тумани инспекцияси тамонидан огоҳлантириш хати берилган.

Бу билан Ўзбекистон Республикасининг “Табиатни мухофаза қилиш тўғрисида”ги Қонуннинг 19-моддаси, “Сув ва сувдан фойдаланиш тўғрисида”ги Қонуннинг 18, 19, 99-моддалари талаблари бузилиб, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 72-моддаси 1-қисми билан маъмурий жавобгарликка тортилишига сабаб бўлган.

Қайд этилишича, мазкур ихтисослашган сўйиш корхонаси бинолари 2014 йилда “Обод Савдо Бизнес” МЧЖ тасарруфига ўтган ва Қибрай тумани ҳокимининг тегишли қарори қабул қилинган. Ихтисослашган сўйиш корхонаси қурилиб 2018 йил ишга туширилган, лекин ҳужжатлар сўралганида, айнан ихтисослашган сўйиш корхонаси учун тегишли ташкилотлар хулосалари тақдим қилинмаган.

Оқова сув ва қушхона ҳудудидан чиқаётган оқова сув учун қилинган ўралар гидроизоляцияланган (бетондан ясалган), лекин оқова йиғилмасдан дала ва зах ариққа оқизилган.

Оқова сувни ўрадан тортиб олиниши, чиқиндиларни олиб чиқиш учун махсус ташкилотлар билан шартномалар тузилмаган. Шу билан бирга қушхонани ювиш вақтида чиққан қон аралаш сув ва сўйилган мол ичаклари қушхона ҳудудининг орқа томони – дала қисмига чиқарилиши натижасида тартибсиз ҳолатга келиб қолган.

Ветеринария-санитария қоида ва меъёрлари талаблари бузилган.

Тошкент вилоят экология бошқармаси, Санитария-эпидемиология осойишталиги агентлигининг ҳудудий бошқармаси томонидан аниқланган ҳолатни зудлик билан бартараф қилиш чораларини кўриш учун зарур тавсиялар берилиб, назоратга олинди.

Айни дамда юқорида баён этилган масалаларни бартараф қилиш юзасидан кўрсатмалар берилган, қушхонадан чиқаётган оқова сувни ариққа оқизиш учун қўйилган қувурлар олиб ташланган ва баён этилган ҳолат тўхтатилган.

Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар Тадбиркорларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича вакилга тақдим этиш учун тайёрланмоқда.

Умиджон Нозимжонов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 1217
Рейтинг: 3
t
×