Кэмероннинг Ўзбекистонга ташрифидан мақсад Россияга максимал даражада зарар етказиш – Галузин
Жамият
−
27 Апрель
15940Буюк Британия Ташқи ишлар вазири Дэвид Кэмерон Ўзбекистонга ташрифи билан Россияга максимал даражада зарар етказишга ва уни иттифоқдошларидан узоқлаштиришга ҳаракат қилди. Бу сўзларни кеча, 26 апрель куни Россия Ташқи ишлар вазирлиги раҳбари ўринбосари Михаил Галузин айтди.
"Мақсад – Россияга максимал даражада зарар этказиш, давлатни йўқ қилиш, унинг анъанавий хорижий ҳамкорлари ва иттифоқчиларини Россиядан узоқлаштириш", дейди дипломат.
Галузиннинг қўшимча қилишича, Москвадаги ўзбек дўстлари бунда расмий Лондоннинг яширин ниятини кўрмоқда.
Қайд этилишича, Лондон келаси уч йил ичида мустақиллик ва суверенитетни қўллаб-қувватлаш учун давлатларга 50 миллион фунт стерлинг ажратмоқчи.
Маълумот учун, Кэмерон савдо, хавфсизлик ва атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафар қилди. "The Independent" нашрининг ёзишича, Кэмерон Марказий Осиё мамлакатларининг қийинчилик билан эришилган мустақиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам фикр алмашишга келган. Шунингдек, у Британия университетларида хорижликларнинг таълим олишини қўллаб-қувватловчи Chevening стипендиялари учун маблағ миқдори икки баравар оширилишини маълум қилмоқчилиги айтилган.
Эслатиб ўтамиз, 22 апрель куни Дэвид Кэмерон Тожикистонга борган ва у ерда Президент Имомали Раҳмон қабулида бўлганди. Шундан сўнг у Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашди. 23 апрель куни у Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан музокара ўтказди ва томонлар орасида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.
Шуни қайд этиш керак, Дэвид Кэмерон Мўғулистондан Лондонга қайтаётганда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов билан яна учрашган.
“Буюк Британия-Ўзбекистон муносабатларини янада сезиларли натижалар билан бойитиш тарафдори эканимизни яна бир бор тасдиқладик”, дейди Бахтиёр Саидов.
Шуниси қизиқки, 26 апрель куни Бахтиёр Саидов ТИВда Россия Ташқи ишлар вазири ўринбосари Михаил Галузин билан ҳам учрашган.
“Мамлакатларимиз раҳбарлари ўртасида эришилган барча келишувларни ўз вақтида амалга ошириш масалаларини, шунингдек, Ўзбекистон – Россия стратегик шериклигининг кенг кўламли кун тартибини муҳокама қилдик”, дея қайд этган Саидов.
Бундан ташқари, 23 апрель куни Дэвид Кэмерон Олий Мажлис Сенати раиси Танзила Норбоева билан ҳам учрашди. Учрашувда Ўзбекистон ва Буюк Британия сиёсий-дипломатик мулоқотини кенгайтириш, шунингдек, халқаро майдонда конструктив ҳамкорликни давом эттириш, савдо-иқтисодий ва маданий-гуманитар муносабатларни мустаҳкамлаш, парламент алоқаларини фаоллаштириш масалалари муҳокама қилинган.
Кэмерон Президент Шавкат Мирзиёев қабулида бўлгани йўқ. Чунки у 22 апрель кунидан қисқа муддатли меҳнат таътилига чиққанди. Қозоғистонда эса Кэмерон Президент Қосим-Жомарт Тўқаев қабулида бўлди, Ташқи ишлар вазири Мурат Нуртлеу билан учрашди ва икки давлат орасида стратегик шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим имзоланди.
LiveБарчаси