Кэмерон ва Саидов икки ҳужжатни имзолади
Жамият
−
23 Апрель
5305Бугун, 23 апрель куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазири Бахтиёр Саидов Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт масалалари бўйича давлат котиби Дэвид Кэмерон билан учрашди. Бу ҳақда Ўзбекистон ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Билдиришича, суҳбат чоғида барча соҳалар бўйича икки томонлама алоқаларни мустаҳкамлашга қаратилган асосий вазифалар белгилаб олинган. Иқтисодий муносабатларни жадаллаштиришга алоҳида эътибор қаратилган. Ишбилармон доиралар ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқаларни ва таълим соҳасидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ўзаро тайёрлик қайд этилди.
Музокаралар якунида Кенг қамровли шерикчилик тўғрисидаги декларация ҳамда Минтақавий ва халқаро боғлиқлик ҳамда инфратузилма соҳаларидаги ҳамкорлик тўғрисидаги англашув меморандуми имзоланди.
Қайд этиш жоизки, Кэмерон ва Саидовнинг олдинги учрашуви ўтган йилнинг 30 ноябрь куни Шимолий Македония пойтахти Скопье шаҳрида Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Ташқи ишлар вазирлари кенгашининг 30-йиғилиши доирасида бўлиб ўтган. Ўшанда икки томонлама муносабатларни барча соҳаларда мустаҳкамлаш борасида келгусидаги саъй-ҳаракатлар ҳамда савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантириш бўйича таклифлар кўриб чиқилган.
Маълумот учун, ҳозирда Кэмерон савдо, хавфсизлик ва атроф-муҳит бўйича ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилиш мақсадида Тожикистон, Қирғизистон, Ўзбекистон, Туркманистон, Қозоғистон ва Мўғулистонга сафар қилмоқда. "The Independent" нашрининг ёзишича, Кэмерон Марказий Осиё мамлакатларининг қийинчилик билан эришилган мустақиллигини қўллаб-қувватлашга қаратилган чора-тадбирлар юзасидан ҳам фикр алмашмоқчи. Шунингдек, у Британия университетларида хорижликларнинг таълим олишини қўллаб-қувватловчи Chevening стипендиялари учун маблағ миқдори икки баравар оширилиши ва келгуси уч йил давомида минтақа бўйлаб ривожланиш харажатлари учун 50 миллион фунт стерлинг ажратилишини маълум қилмоқчи.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 22 апрель куни Дэвид Кэмерон Тожикистонга борган ва у ерда Президент Имомали Раҳмон қабулида бўлганди. Шундан сўнг у Бишкекда Қирғизистон Президенти Садир Жапаров билан ҳам учрашди.
LiveБарчаси