Қатар Исроилдан ҲАМАС етакчиларини ўлдирмасликни сўради – ОАВ
Олам
−
12 Ноябрь
3209Қатар ҳукумати Исроилдан амирлик ҳудудида ҲАМАС етакчиларига ҳужум қилмаслик мажбуриятини олишни сўради. Бу ҳақда Исроилнинг “Kan” телеканали хабар берди.
“Бизнинг ҳудудимиздаги ҲАМАСнинг юқори мартабали аъзоларига ҳужум қилмаслик мажбуриятини олинг”, дейилади Қатар ҳукумати мурожаатида.
Қайд этилишича, Қатар томонидан билдирилган бу талаб амирликнинг ҲАМАС ва Исроил ўртасида воситачилик қилишни тўхтатиш ва гуруҳ раҳбариятини мамлакатдан чиқариб юбориш қарорига боғлиқ бўлиши мумкин. Хусусан, олдинроқ Қатар Ташқи ишлар вазирлиги вакили Мажид бин Муҳаммад ал-Ансорий Исроил ва ҲАМАС ўртасидаги воситачиликни тўхтатиш қарорини эълон қилган.
Маълумотларга кўра, ҲАМАС раҳбарияти ва уларнинг оилалари 2012 йилдан бери Доҳада яшаб келади. Бироқ исроиллик гаровдагиларни озод қилиш ва Ғазо секторидаги ўт очишни тўхтатиш борасидаги музокаралар муваффақиятсизликка учрагач, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Қатарни ҲАМАС аъзоларини мамлакатдан чиқаришга чақирган.
“Financial Times” манбасига кўра, гуруҳ вакиллари энди Туркия, Эрон, Жазоир ёки Мавританияга кўчиб ўтишни кўриб чиқмоқда. Бироқ уларнинг Туркияга кўчиб ўтиш эҳтимоли юқорироқ, чунки мамлакат Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған гуруҳни қўллаб-қувватлаб, Исроилни очиқчасига танқид қилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қатар ҳукумати Ғазо секторида сулҳ тузиш ва гаровга олинганларни озод қилиш бўйича музокараларда воситачилик ролидан воз кечиб, ҲАМАС ҳаракатини ўз идорасини Доҳадан кўчириш зарурлиги ҳақида огоҳлантиргани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси