Жалолиддин Мангуберди сериалида ўзбек актёрлари ҳам роль ўйнайдими?

Маданият-санъат

image

Аввалроқ, Ўзбекистон тарафининг буюртмаси билан туркиялик киноижодкорлар томонидан Жалолиддин Мангуберди сериали суратга олинаётгани ҳақида хабар берган эдик. 13 қисмдан иборат ва бюджети 5 миллион АҚШ долларини ташкил этаётган мазкур картинада кимлар роль ижро этиши бугунгача тўла маълум бўлгани йўқ. Бироқ, катта эҳтимол билан Жалолиддин Мангуберди образини хорижлик актёрлар гавдалантириши мумкин. 

QALAMPIR.UZ сериал суратга олиниши режалаштирилган ҳудудда бўлиб, ташкилий ишлари билан танишди. Қайд этилишича, Маданият вазирининг биринчи ўринбосари Озодбек Назарбековнинг талаби билан ушбу лойиҳада ўзбекистонлик актёрларнинг иштирокига кенг ўрин беришга асосий масала сифатида қаралмоқда. Шу боис куни кеча кўплаб актёрлар “кинопроба” учун Туркиянинг Истанбул шаҳрида бўлиб қайтдилар. 

Киносиновда иштирок этган актёрлар орасида Ўзбекистон халқ артисти Эркин Комилов, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артистлар Саида Раметова, Раъно Шодиева, актёрлар Жавоҳир Зокиров, Алишер Узоқов,  Райҳон Уласенова, Шаҳзода Матчонова, Адиз Ражабов, Юлдуз Ражабовалар бор. Бироқ, улардан қай бири синовдан ўтгани ва сериалда роль ўйнаши ҳозирча маълум эмас. 

Сценарий, декорация ва ташкилий жараёнлар қаттиқ сир тутилаётган ушбу лойиҳа агар муваффақиятли амалга оширилса, ўзбек киносининг жаҳон бозорига чиқишига туртки бўлиши кутилмоқда. Бунга эса етарли асослар бор. Лойиҳага бош-қош бўлаётган туркиялик киноижодкорларнинг сўнгги беш йил давомида суратга олган “Тирилиш. Эртўғрул” сериали дунёнинг 85 мамлакатида томоша қилинди. Бу сериал билан Туркия дунёга тарихини англатиш билан, кино орқали потенциал турист орттирди, кино бозорида яхшигина даромад топди. Ўзбекистон ҳам 5 миллион ортидан миллий ғоясини жаҳонда илгари суриш, тарихига муносиб эгалик қилиш билан бирга, дунёнинг ярмини эгаллаган Чингизхонни енгган Жалолиддин Мангуберди юртига миллионлаб туристларни чорлайди. 

“Албатта, ҳамма ушбу сериалда ўзимизнинг актёрлар роль ижро этишини истайди. Бироқ, дунё бозорига кириш, унда даромад топиш ва лойиҳани муваффақиятли амалга ошириш учун фақат ўзимизнинг имкониятларимиз камлик қилади. Афсуски, кўп йиллар тарихий фильмлар ишланмади. Давлат раҳбари 2017 йил август ойида режиссёрлар олдига тарихий асарлар ишлаш бўйича вазифалар қўйганди. Натижани кўриб турибсиз. Ҳозир туркларнинг мавжуд тажрибасидан фойдаланиб қолиш керак”, дейди тасвирга олиш майдончасида бўлиб қайтган журналист Қамариддин Шайхов. 

QALAMPIR.UZ’га оид маълумотларга кўра, мазкур сериалга меценатлик асосида 5 миллион АҚШ доллари маблағ сарф этилмоқда. У 13 қисмдан иборат бўлади. Агар сериал дунё бозорига чиқиб, қайсидир жиҳатдан сарф-харажатларни қоплай олса, тасвирга олиш ишлари яна давом эттирилади.


Мақола муаллифи

Теглар

Жалолиддин Мангуберди

Баҳолаганлар

387

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг