Қашқадарёда прокуратура тижорат банкларини назоратга олади

Жамият

image

Қашқадарёда прокуратура тижорат банклари фаолиятини ўрганиб борадиган бўлди. Аниқланган камчиликлар эса вилоят халқ депутатлари сессиясида муҳокама этилади. Бу ҳақда Қашқадарё вилоят ҳокими Зойир Мирзаев фаолияти давомида муаммоларга дуч келаётган тадбиркорлар билан ZOOM дастури орқали тўғридан-тўғри мулоқот вақтида айтиб ўтди.

Суҳбат давомида, Қарши тумани Хонобод ҳудудидан 27 нафар тадбиркорларга иссиқхона қуриш учун туман ҳокимининг қарори билан 124 гектар ер майдони ажратилганлиги, бироқ улар кредит олиш учун тижорат банкларига зарур ҳужжатларни топширганига қарамасдан, банк ходимлари молиявий ресурс йўқлигини рўкач қилиб, тадбиркорларга ҳамон кредит ажратишни ортга суриб келаётганлиги айтилган.

Бу ҳолатнинг олдини олиш мақсадида Зойир Мирзаевнинг топшириғи билан вилоят прокуратураси ходимларидан иборат ишчи гуруҳи тузилиб, ҳудуддаги тижорат банклари томонидан кўрсатилаётган хизматларни ўрганиш вазифаси юклатилган.

Маълумот учун, “Банклар ва банк фаолияти тўғрисида”ги (янги таҳрири) қонуннинг банклар мустақиллиги тўғрисидаги 8-моддасида шундай дейилади:

Банклар молиявий операцияларни амалга ошириш билан боғлиқ қарорлар қабул қилишда мустақилдир. Давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларига банклар фаолиятига, шу жумладан банкларнинг кредит портфелини ва активларини шакллантириш билан боғлиқ тадбиркорлик таваккалчиликларини бошқаришга, банкларнинг раҳбар ходимларини тайинлашга аралашиш, шунингдек банкнинг маблағлари ҳисобидан турли хил тўловлар ва бадаллар талаб қилиш тақиқланади, бундан ушбу Қонунда назарда тутилган ҳоллар мустасно.


Мақола муаллифи

Теглар

прокуратура банк

Баҳолаганлар

112

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг