Қашқадарёда мактаб ўқувчиси Chery’da 3 яшар болани босиб кетди (видео)
3-саҳифа
−
16:34 5675 1 дақиқа
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида 17 ёшли Chery ҳайдовчиси йўл четида турган болани босиб кетди. Бу ҳақда Қашқадарё вилояти Ички ишлар бошқармаси Жамоат хавфсизлиги хизмати Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, ҳодиса жорий йилнинг 30 июнь куни соат 20:00 ларда D-149 автомобиль йўлининг 1-километрида содир бўлган. 2009 йилда туғилган У.Й. Chery русумли автомашинада ҳаракатни бошлаш вақтида йўл четида турган 2023 йилда туғилган А.Б.ни уриб юборган. Пиёдага шифокорлар томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган.
Ижтимоий тармоқларда тарқалган видеоларда Chery йўл четида тўхтаб тургани, 3 яшар бола эса велосипедда мошинанинг олд қисмида ўйнаб юргани кўринган. Chery ҳайдовчиси озроқ муддат тўхтаб турганидан сўнг бирданига боланинг устига ҳаракатланиб юборган. Шу вақтда бола машина остида қолиб, унинг велосипеди эса йўл қисмига учиб кетган.
Қайд этилишича, ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар расмийлаштирилиб, транспорт воситаси вақтинча сақлаш учун жарима майдонига жойлаштирилган.
“Ҳозирда тўпланган иш ҳужжатларини Жиноят ишлари бўйича Қамаши туман судига юбориш чоралари кўрилмоқда“, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, Тошкентда Tracker 6 ёшли болани босиб кетиши оқибатида бола воқеа жойида вафот этганди.
Live
Барчаси