Қашқадарё ва Сурхондарёда педагогика институтлари ташкил этилади

Жамият 2254
image

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари билан Термиз давлат университетининг педагогика институти ҳамда Қарши давлат университетининг педагогика институти фаолиятини ташкил этишга доир чора-тадбирлар белгиланди.

Унга кўра, иккала институт ҳам ўқув жараёнини 2021/2022 ўқув йилидан бошлайди.

Ўқувчиларни педагогик касбга йўналтириш мақсадида Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларидаги етакчи мактабларнинг 10 тасида 3–4-синф ўқувчилари учун “Ўқиш ва математик саводхонлик бўйича синфлар”, 8–9-синф ўқувчилари учун “Математик ва табиий фанлар саводхонлиги бўйича синфлар”, 10–11-синф ўқувчилари учун “Педагогик синфлар” ташкил этилади ва Институтлар таклифи асосида дарс жараёнига таъсир этмаган ҳолда ўқув жараёнларига ўзгариш киритилади.

Термиз давлат университетининг Педагогика институтига Термиз шаҳри, Ислом Каримов кўчаси, 228 “Б”-уй манзилидаги Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали бино ва иншоотлари ҳамда Музработ тумани, “Шарқ юлдузи” ҚФЙ, “Шаффоф” МФЙ манзилидаги собиқ Музработ агросервис касб-ҳунар коллежи бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилди.

Қарши давлат университетининг Педагогика институтига эса Китоб тумани, Тупчок МФЙ, Жайронхона қишлоғи манзилида жойлашган Тошкент давлат техника университетининг ҳамда Шаҳрисабз шаҳри, Шаҳрисабз кўчаси, 10-уй манзилида жойлашган Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиалининг бино ва иншоотлари тегишли ҳудуди билан биргаликда Институтга оператив бошқарув ҳуқуқи асосида текин берилди.

Эслатиб ўтамиз, 2020 йил 27 февралдаги ПҚ-4623-сонли Президент қарорига биноан:

Тошкент давлат педагогика университетининг Термиз филиали ҳамда Термиз давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Термиз давлат университетининг Педагогика институти;

Тошкент давлат педагогика университетининг Шаҳрисабз филиали ҳамда Қарши давлат университети педагогика таълим соҳасининг бакалавриат таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари негизида Қарши давлат университетининг Педагогика институти ташкил этилиши белгиландан эди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 50
Рейтинг: 3.2
t
×