Қаршиликларга қарамай қонун қабул қилинди. Журналистлар намойишга чиқди

Олам

image

Озарбайжон парламенти мамлакат оммавий ахборот воситаларига кенг қамровли чекловларни жорий этадиган янги қонунни кўриб чиқмоқда. Миллий мажлис депутатлари “Оммавий ахборот воситалари тўғрисида”ги қонун лойиҳасини маъқуллаган. 

Янги қонун президент Илҳом Алиев январь ойида ОАВни ривожлантириш агентлиги номли янги ташкилот тузиб, унга икки ой ичида ОАВга оид янги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш ва тақдим этишни буюрганидан бери кутилаётган эди. Бироқ, қонун лойиҳаси парламентда кўриб чиқилишидан бир неча кун олдин баъзи ахборот воситаларига сизиб чиқмагунча, қонун лойиҳаси ҳақида ҳеч қандай янгилик бўлмаган. 

Ҳужжатга биноан мамлакатда ОАВ рўйхати тузилади, журналистлардан давлат рўйхатидан ўтиш талаб қилинади. 

Пойтахт Бакуда ўнлаб журналистлар намойишга чиқиб, янги қонунни қоралади. “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотига кўра, полиция билан тўқнашувда камида бир киши жароҳатланган. 

Маҳаллий ОАВ ва ҳуқуқ ташкилотларига кўра, қонун Озарбайжонда ким журналист деб тан олинишини ҳукумат белгилашига йўл очиб бериши, янги реестр журналистлар ҳақидаги шахсий маълумотларни ўз ичига олиши мумкин.

Қонун билан хорижда фаолият олиб бораётган ОАВнинг Озарбайжонда рўйхатдан ўтмасдан хабар тарқатиши ҳам қийинлашади. Қонунда норасмий манбаларга таяниб маълумот тарқатишни тақиқловчи бандлар мавжуд.

“Ҳужжатда кўплаб муаммолар борлигини айтиб, 40 тагача моддага ўзгартиришлар киритишни таклиф қилдик. Афсуски, инобатга олишмади. Ҳукуматнинг бу қадами Озарбайжонда журналистика ва ОАВ эркинлиги билан боғлиқ вазиятни яхшиламайди, аксинча, ёмонлаштиради”, дейди Бакуда медиа бўйича мутахассис Аласгар Маммадли. 

“Турон” ахборот агентлиги директори Меҳмон Алиевга кўра, бу ахборот устидан давлат назорати кучайтирилаётганидан далолат. 

Иқтидордаги партия аъзоси, қонунчи Ойдин Мирзазода эса қонун лойиҳаси кенг муҳокама этилгани, медиа вакиллари ҳам унга ҳисса қўшганини таъкидлайди. 

“Қонун ОАВ, давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларни тартибга солади. Бошқача айтганда, қонун ОАВ мустақиллиги ва сўз эркинлигини ҳимоя қилади, медиага ҳеч қандай чекловлар жорий этмайди, айниқса, ижтимоий тармоқларда”, дейди Мирзазода. 

У янги қонун Озарбайжон конституциясига зид экани ҳақидаги даъволарни рад этмоқда. 

“Агар қонунни конституцияга зид деб ҳисоблашса, айнан қайси бандлари зид эканини судга кўрсатишсин. Муаммонинг ечими оддий. Бир томондан улар қонунни реакцион дейишяпти,  бошқа томондан ўз фикрларини очиқ айтишяпти. Яъни хатти-ҳаракатлари сўзларига зид”, дейди Мирзазода. 

Тилга олинаётган энг катта хавотир қонун юқоридагиларга журналистикада ким ишлаши мумкинлигини ҳал қилиш ваколатини бераётганидир. “Eurasianet” нашрига кўра, аввал судланганлар аккредитациядан ўтказилмайди, ноширлар эса Озарбайжон фуқароси бўлиши ва мамлакатда муқим яшаши шарт. 

Шунингдек, расмий гувоҳномасиз мухбирларнинг амалдорларга савол билан чиқиши,  айрим тадбирларга кириши қийинлашади. Ноширларнинг Озарбайжонда яшаши талаби репрессив муҳит туфайли мамлакат ташқарисида ташкил этилган мустақил ОАВ фаолиятига таъсир кўрсатади. 

“Ноаниқ жумлалар ва зиддиятларга бой бу қонун ОАВ устидан назоратни кучайтириш ва цензурани қонунийлаштиришга қаратилган. Давлат журналистларнинг касбий фаолиятига аралашиб, мустақил медиа ва сўз эркинлиги бўйича экспертлар билан маслаҳатлашмасдан иш тутиб, ваколатидан четга чиқмоқда”, дейди “Чегара билмас мухбирлар” ташкилотидан Жан Кавелер. 

Озарбайжон матбуот эркинлиги бўйича глобал рўйхатда 180 давлат ичида 167-ўринда.

Эслатиб ўтамиз, 2021 йилнинг июль ойида "Чегарабилмас мухбирлар" ташкилоти "матбуот эркинлиги душманлари"нинг рўйхатини эълон қилди. Рўйхатда бутун дунё бўйлаб матбуот эркинлигига катта босим ўтказаётган 37 давлат раҳбарларининг суратлари акс этган.  

Рўйхатга киритилганларнинг барчаси давлат раҳбарлари ёки цензурани ўрнатиш, журналистларни ўзбошимчалик билан қамоққа олиш, уларга қарши зўравонликни қўзғатиш орқали оммавий қатағонларни амалга оширадиган ҳукумат ҳисобланади. Рўйхатнинг биринчи ўнталигидан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам ўрин олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Озарбайжон

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made