Қаршида Суриядаги террорчилар сафига қўшилиш орзусидаги 15 киши қўлга олинди
Жамият
−
28 Июль 2020
29727Қашқадарё вилоятининг Қарши шаҳрида муқаддам жиноий жавобгарликка тортилган шахс томонидан ташкил этилган ноқонуний гуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Гуруҳ аъзолари босқинчилик жиноятларини содир этиш орқали йўл харажатларига пул йиғиб, сўнгра Сурияга бориб, террорчилик ташкилотлари сафига қўшилишни режалаштирган. Улар Давлат хавфсизлик хизмати ва ички ишлар ходимларининг қўшма тадбирида қўлга олинди. Бу ҳақда "Ўзбекистон 24" телеканали лавҳасида маълум қилинди.
Гуруҳни тузган 52 ёшли фуқаро аввал “Жиҳодчилар” диний-экстремистик оқимига аъзо бўлгани учун 2004-2008 йилларда жазо муддатини ўтаган бўлса-да, яна шу йўлда давом этган. У яшаш манзилида бу сафар 1994, 1996, 1998 йилда туғилган фарзандлари, 2000 йилда туғилган жияни ва 1974-1998 йиллар оралиғида туғилган 11 нафар фуқародан иборат ноқонуний гуруҳ ташкил этиб, “Жиҳодчилар” оқими ғояларини қўллаб-қувватлаб келган.
Шунингдек, гуруҳ аъзоларини ҳижрат ва жиҳод қилишга, Сурия давлатига бориб “Тавҳид ва Жиҳод катибаси” террорчилик ташкилотига қўшилишга чорлаган.
Бундан ташқари, ижтимоий тармоқда гуруҳ очиб, унга диний-экстремистик оқимлар ва террорчилик ташкилотларининг ғоявий раҳнамолари бўлмиш Абу Салоҳ, Абдуллоҳ Зуфар, Содиқ Самарқандий ва бошқаларнинг ҳижрат, жиҳод ва шаҳидликка чорловчи аудио, видео материалларини жойлаштириб, тарғибот ишлари олиб борган.
Гуруҳ етакчисининг кўрсатмаси билан унинг аъзолари босқинчилик жиноятлари орқали йўл харажатлари учун пул йиғиб, сўнгра Сурияга бориб, террористик ташкилотлар сафига қўшилишни режалаштирган.
Уларнинг яшаш манзилларида топилган компюьтер процессори, ноутбук, дрон, флеш-карталар, телефон аппаратлари, диний мазмундаги адабиётлар, шунингдек, бир донадан ўқотар ва пневматик қурол ҳамда патронлар ва гилзалар процессуал тартибда расмийлаштириб олинган.
Гуруҳ аъзолари орасида МЧЖ раҳбари ва ишчиси, буюм бозори сотувчиси ва талаба ҳам бор.
LiveБарчаси