Қарорлари расмий кучга эга бўлмаган Ёшлар парламенти тузилади
Жамият
−
03 Июнь 2020
9758Олий Мажлиси Сенати ҳузурида Ёшлар парламентини ташкил этиш бўйича Сенат Кенгаши қарори ҳамда махсус дастур лойиҳалари ишлаб чиқилди. Унга кўра ушбу парламент томонидан қабул қилинган ҳужжатлар тавсиявий характерга эга бўлади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенати матбуот хизмати хабар берди.
Ушбу лойиҳага кўра, Ёшлар парламенти аъзолари 18 – 30 ёш бўлган фуқаролар орасидан гендер тенглик таъминланган ва жисмоний имконияти чекланган ёшларни ҳам жалб қилган ҳолда жами 100 нафар этиб шакллантирилади.
Бунда халқ депутатлари вилоят, туман (шаҳар) Кенгашларига сайланган ёшлар вакилларидан ҳар бир ҳудуддан тенг миқдорда 6 нафардан жами 84 нафар ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи тавсиясига кўра 10 нафар ҳамда Сенатнинг Ёшлар маданият ва спорт масалалари қўмитаси тавсиясига биноан 6 нафар ёшлар Сенат Кенгаши қарори билан Ёшлар парламенти аъзолигига тасдиқланади.
Ёшлар парламенти аъзолари қонун лойиҳалари муҳокамаларида иштирок этади. Белгиланган мақсад ва вазифалари ҳамда йўналишларидан келиб чиқиб конференция, давра суҳбати, семинар, ҳудудлардаги ёшлар билан учрашув ва бошқа тадбирлар ташкил қилади. Ёшлар парламенти аъзоларининг мажлиси заруратга қараб ўтказилади, у Ёшлар парламенти раиси томонидан чақирилади.
Ёшлар парламентининг ҳар бир аъзоси ўзи истиқомат қиладиган ҳудуд ёшларига тегишли муаммоларини ўрганиб, сабабларини аниқлаб, уни ёшлар ўртасида муҳокама қилади. Ёшлар парламенти ёшларнинг манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг муаммоларини парламент минбарига олиб чиқиш, қонун ижодкорлигида ёшларнинг иштирокини таъминлаш, бўлғуси Сенат аъзолари ҳамда сиёсатчиларни тайёрлаш, ёшларни улкан мақсад ва аниқ лойиҳаларга йўналтириб бориш каби вазифаларни бажаради.
LiveБарчаси