Қариндош бўлмаганларни “прописка”дан чиқариш осонлашди
Жамият
−
08 Сентябрь 2022
15252Энди қариндош бўлмаган шахсларни “прописка”дан чиқаришда уларнинг розилиги шарт эмас. Бу ҳақда Ўзбекистон Президентининг “Мулк ҳуқуқининг дахлсизлигини ишончли ҳимоя қилиш, мулкий муносабатларга асоссиз аралашувга йўл қўймаслик, хусусий мулкнинг капиталлашув даражасини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, 2022 йил 1 сентябрдан бошлаб бир қатор тартиб ва талаблар бекор қилиняпти:
1) мулкдор билан қариндошлик алоқаларига эга бўлмаган шахсларни (танишлар, узоқ қариндошлар) ушбу турар жойдан доимий рўйхатдан – “прописка”дан чиқариш учун уларнинг розилигини олиш талаб этилмайди.
Тегишли органлар маълумотларига кўра, охирги 2,5 йилда фуқаролик судларига шахсни турар жойдан рўйхатдан чиқариш бўйича 8 954 та даъво аризалари киритилган, шундан 7 311 таси (82 фоизи) қаноатлантирилган.
2) суд томонидан турар жойни сотиб олган шахс инсофли эгалловчи деб топилганда, жисмоний шахсдан ушбу турар жойни давлат рўйхатидан ўтказилган пайтдан бошлаб уч йил ўтгач натура шаклида талаб қилиб олиш тақиқланади.
Яъни, агар турар жой UZKAD тизимидаги нотўғри маълумотларга ишониб харид қилинган бўлса, 3 йилдан кейин сотиб олувчидан (инсофли эгалловчи) ушбу уйни талаб қилиб олиш мумкин эмас. Дастлабки мулкдорга етказилган зарар давлат томонидан қопланиб, кейинчалик айбдордан ундирилади.
Яна бир ўзгартиришлардан бири – бу “снос” жамғармалари, улар Жисмоний ва юридик шахсларга етказилган мулкий зарарларни компенсация қилиш бўйича республика ва ҳудудий мақсадли жамғармаларга айлантирилди.
2023 йил 1 январдан бошлаб, жисмоний ва юридик шахсларга етказилган қуйидаги зарарлар шу жамғармалардан тўлаб берилади:
• кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларнинг давлат реестрига ноқонуний ёки ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотларнинг киритилиши натижасида унга ишониб ҳаракат қилган шахсларга етказилган зарар;
• давлат органи, мансабдор шахс, хусусан, суриштирувчи, терговчи, прокурор ва суднинг қонунга хилоф ҳаракатлари натижасида мулкдорга етказилган, суд қарори билан аниқланган зарар;
• турар жой инсофли эгалловчидан талаб қилиб олинмаслиги натижасида унинг ҳақиқий эгасига етказилган зарар.
“Кадастр ва кўчмас мулкларни рўйхатдан ўтказиш интеграцион ахборот тизими” (UZKAD) 2023 йил 1 январдан кўчмас мулкка оид ягона ахборот базаси ҳисобланиб, UZKAD тизимига Гаров реестри, “Нотариус” автоматлаштирилган ахборот тизими, Кўчмас мулк объектлари манзиллари ягона реестри ва бошқа тегишли барча давлат ахборот тизимлари интеграция қилинади ҳамда реал вақт режимида онлайн маълумот алмашинуви йўлга қўйилади. Мазкур тизим келгусида турар жойни сотиш билан боғлиқ, “тақиқ” муаммоларини ва шу соҳадаги фирибгарликларни олдини олади.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь