Қамоқхоналар Адлия вазирлиги қарамоғига ўтадими? – Вазир жавоб берди (видео)
Жамият
−
28 Март 2023
10129Адлия вазирлиги қамоқхоналарни ўз қарамоғига олишни режалаштирмаяпти. Бу ҳақда вазир Акбар Тошқулов бугун, 28 март куни омавий ахборот воситалари билан ўтказган матбуот анжумани давомида айтиб ўтди.
Ангжуманда журналистлардан бири дунёнинг айрим мамлакатларида қамоқхоналар назорати Адлия вазирлигида эканини айтиб, Ўзбекистонда ҳам бундай режа бор-йўқлигини сўради.
“Тўғри, Адлия вазирлиги инсонларга ёрдам беради. Лекин қамоқхоналарда ҳамма нарсани очиқлаб бўлмайди. У ерда куч ишлатар тизими бўлиши керак. У ерда намунали фуқароларимиз ўтиргани йўқ. Шу нуқтайи назардан бизда тизим шаклланган. Уни ўзгартириб бўлмайди. Ҳозир бундай режа йўқ”, дейди вазир.
Акбар Тошқулов буни Ўзбекистоннинг ҳуқуқ тизимлари билан бошқа мамлакатларнинг ҳуқуқ тизимлари ҳар хил экани билан изоҳлади.
“Адлия вазирлиги барча мамлакатларда ҳам инсон ҳуқуқларигагина жавобгар эмас. Масалан, Америка ёки Европанинг кўп давлатларида куч ишлатар органлар ҳам адлия тизимига киритилган. Шунингдек, қамоқхоналар ҳам. Бизда эса ундай эмас. Куч ишлатар тизимимиз алоҳида, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар ҳам алоҳида. Шунинг учун прокуратура ҳам алоҳида тизим сифатида киритилган. Бир тизимни осонлик билан ўзгартириб бўлмайди. Ҳуқуқ тизими 100-200 йиллар давомида шаклланган. Шунинг учун бирданига кўчириб олишга имкониятимиз йўқ”, деб таъкидлади Тошқулов.
Унинг айтишича, баъзи қўшни мамлакатлар қамоқхоналарни адлия тизимига ўтказиб кўрган, лекин кўп ўтмай, яна эски ҳолига қайтарилган. Бунга мисол тариқасида вазир қўшни Қозоғистонни келтирди.
Маълумот учун, собиқ Адлия вазири Русланбек Давлетов ҳам бундан 4 йил аввал жазони ижро этиш муассасаларининг Адлия вазирлиги тизимига ўтказиш эҳтимоли ҳақидаги саволга жавоб қайтариб, жазони ижро этиш муассасалари Адлия вазирлигида эмас, Ички ишлар вазирлиги тасарруфида бўлиши тўғри эканини айтган эди.
Давлетовнинг фикрича, қамоқхона ва колонияларнинг бўйсинуви бўйича орган ўзгаргани билан тизим ўзгариб қолмайди.
LiveБарчаси