“Қамчиқ” довонида туннелга урилган Isuzu ёниб кетди (видео)
3-саҳифа
−
22 Июль 2023
7207“Қамчиқ” довонида туннель деворига урилган Isuzu’да ёнғин келиб чиқди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Келтирилишича, воқеа бугун, 22 июль куни соат 03:20 да А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг “Резак” туннелида юз берган. “Водий-Тошкент” йўналишида ҳаракатланиб кетаётган Isuzu русумли юк автомобили ҳайдовчиси бошқарувни йўқотиб, туннель деворига урилган ва бунинг оқибатида ёнғин келиб чиққан.
Ҳодиса туннелга бириктирилган масъул ходимлар томонидан аниқланиб, зудлик билан воқеа жойига “Қамчиқ” довонидаги Фавқулодда вазиятлар вазирлиги қутқарувчиларининг 13 нафари, 2 та ёнғин-қутқарув экипажи ва қутқарув отрядидан 1 та техника етиб борган ва ёнғинни ўчирган. Шундан сўнг юк автомобили туннелдан олиб чиқилиб, совитилган.
“Isuzu автомобили юкхонасидаги жами 4,2 тонна юкнинг 95 фоиз маҳсулоти ёнғиндан сақлаб қолинди. Содир бўлган ёнғин оқибатида тан жароҳати олган ва ҳалок бўлганлар йўқ”, дейилган вазирлик хабарида.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг май ойи охирида “Қамчиқ” довонида Isuzu юк автомашинасининг тормоз қисми ишламай қолиши оқибатида даҳшатли автоҳалокат юзага келганди. Ўшанда юк машинаси бирйўла 4 та автомобилни уриб кетган ва бунинг оқибатида бир киши вафот этган эди.
LiveБарчаси