ФВВ Қамчиқдаги ҳолат ҳақида маълумот берди

Жамият 3693
photo_2019-12-21_14-55-52

Аввалроқ, “Қамчиқ” довони “Тошкент-Ўш” автойўлининг 228-253 кмлари оралиғида қор кўчиши хавфи мавжудлиги тўғрисида маълумот берилди. Шу боис, жорий йилнинг 21 декабрь куни соат 08:00 дан бошлаб йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида, Тошкент вилоятининг “Чинор” ва Наманган вилоятининг “Шеробод” постлари томонидан А-373 “Тошкент-Ўш” автомобиль йўлининг “Қамчиқ” довонида автомобиль воситаларининг ҳаракатланиши вақтинчалик тўхтатилди.

Фавқулодда вазиятлар вазирлиги Тошкент ва Фарғона водийси ўртасида кўприк вазифасини ўтовчи “Қамчиқ” довонидаги вазият ҳақида қўшимча маълумот берди.

Айни дамда, Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизими (ФВДТ) ҳамда Фавқулодда вазиятлар вазирлигидан жалб қилинган 45 та техника, 200 га яқин шахсий таркиб томонидан “Қамчиқ” довонидан ўтишга улгурмаган автотранспорт ҳайдовчилари ва йўловчилар барча шароитлар билан таъминланган ФВВнинг 15 та назорат кузатув постларига, “Қамчиқ” отрядига, қолаверса, Тошкент вилоятининг Оҳангарон ва Ангрен шаҳарлари ҳамда Наманган вилоятининг Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шоҳобчалари (иссиқ овқат, ичимлик суви, дам олиш жойлари)га эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилмоқда.

Транспорт воситаларининг узлуксиз ва хавф-хатарсиз ҳаракатини таъминлаш мақсадида, “Қамчиқавтойўл” Ихтисослашган йўллардан фойдаланиш унитар корхонасидан 115 та махсус мухандислик-техникалари ва 314 нафар шахсий таркиб жалб қилиниб, йўлларни тозалаш ишлари амалга оширилмоқда.

“Ўзбекистон темир йўллари” АЖ томонидан Ангрен электрофикациялаштирилган темир йўл орқали қўшимча йўловчи поезди қўйилиб, Тошкент вилоятининг Оҳангарон, Ангрен ва Орзу станцияларидан аҳолини эвакуация қилиш ишлари ташкиллаштирилди.

Ушбу вазият оқибатида жабрланганлар йўқ ва талофатлар аниқланмади.

Анген шаҳри ва Поп туманида бўлган ҳайдовчи ва йўловчилар диққатига! Аҳолига қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида Ангрен шаҳрида ва Поп туманидаги мавжуд умумовқатланиш шоҳобчаларида: иссиқ овқат, ичимлик суви, дам олиш жойлари ташкил этилган.

“Ҳурматли фуқаролар! “Қамчиқ” довонида об-ҳаво барқарор бўлмагунига қадар довон орқали вақтинчалик ҳаракатланмасликни тавсия этамиз”, дейилади вазирлик баёнотида.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 132
Рейтинг: 3.1
t
×