Қамчибек Ташиев 4 йилга қамалди
Олам
−
02 июл 2677 5 дақиқа
Бугун, 2 июль куни Бишкекнинг Биринчи май туман суди “75 лар хати” деб номланган шов-шувли жиноят иши бўйича ҳукм чиқарди. Унга кўра, Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси собиқ раҳбари Қамчибек Ташиевга 4 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Бу ҳақда “24.kg” хабар берди.
Иш фигурантлари орасида собиқ юқори лавозимли амалдорлар ва сиёсатчилар бор. Суд муҳокамаси ёпиқ тартибда ўтган бўлса-да, ҳукм оммавий равишда эълон қилинди. Уни раислик қилувчи судья Азирет Медеров ўқиб эшиттирди.
“24.kg” мухбирининг суд залидан хабар беришича, ишнинг барча фигурантлари “ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаш” моддаси бўйича айбдор деб топилган ва мол-мулки мусодара қилинган ҳолда тўрт йилга озодликдан маҳрум этилган.
Мазкур иш бўйича қуйидагиларга ҳукм ўқилди:
- Қамчибек Ташиев, МХДҚ собиқ раиси;
- Қурманқул Зулушев, Жогорку Кенеш собиқ депутати;
- Нурланбек Турғунбек ўғли, Жогорку Кенеш собиқ спикери;
- Бекболот Талғарбеков, жамоат арбоби;
- Эмилбек Узоқбоев, Қирғизистоннинг Ўзбекистондаги собиқ элчиси;
- Қурманбек Дийқанбоев, Жогорку Кенеш собиқ депутати;
- Аали карашев, собиқ бош вазир ўринбосари ва собиқ депутат;
- Курсан Асанов, ички ишлар вазирининг собиқ ўринбосари.
Шу билан бирга, суд фигурантларни “мансаб мавқеини суиистеъмол қилиш” моддаси бўйича оқлаган.
Суд маҳкумларга нисбатан уч йил муддатга пробация назоратини қўллаган. Шу тариқа, улар жазони колонияда ўтамайдиган бўлди.
Февраль ойидан бери ҳибсда сақланаётган беш нафар иш фигуранти суд залидан озод қилинди. Булар – Бекболот Талғарбеков, Эмилбек Узоқбоев, Қурманбек Дийқанбоев, Аали Қарашев ва Курсан Асанов.
Мажлисдан сўнг журналистлар Қурманқул Зулушев ва Нурланбек Турғунбек ўғлидан изоҳ олишга уринган, бироқ улар саволларга жавоб бермасдан, автомобилларига ўтириб, чиқиб кетган.
Қамчибек Ташиевнинг адвокати Икромидин Айтқулов ҳукмдан рози эмаслигини ва уни юқори инстанцияга шикоят қилиш ниятида эканини маълум қилган.
Қурманкул Зулушевнинг ҳимоячиси Бақтибек Жумашев ҳам ҳимоя томони суд қароридан рози эмаслигини ва яқин орада унинг устидан шикоят киритишини билдирган.
Иш фигурантлари ўз айбларини тан олмаган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 9 февраль куни интернет маконида Президент Садир Жапаров ва ўша пайтдаги Жогорку Кенеш спикери Нурланбек Турғунбек ўғли номига мамлакатда муддатидан олдин президентлик сайловларини ўтказиш сўрови битилган жамоавий мурожаат пайдо бўлган эди. Хатни 75 нафар турли жамоат ва сиёсат арбоблари имзолаган. Орадан ҳеч қанча ўтмай, 10 февраль куниёқ Қамчибек Ташиев МХДҚ раиси лавозимидан маҳрум бўлди. Садир Жапаров унинг истеъфосини изоҳлар экан, жамиятда тарқоқлик ва бўлинишга йўл қўймаслик мақсадида шундай қарорга келганини айтган эди. Апрель ойида Қамчибек Ташиев ва бир қатор таниқли сиёсатчиларга нисбатан жиноят иши қўзғатилгани маълум бўлди.
Ташиев истеъфоси
Жорий йилнинг 10 февраль куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси – Бош вазир ўринбосари Қамчибек Ташиев Президент Садир Жапаровнинг фармони билан лавозимидан озод этилди. У ўз қарорини “жамиятда бўлинишга йўл қўймаслик” истаги билан изоҳлади. Қамчибек Ташиевнинг ўзи бу ҳақда Германияда юрак операциясидан сўнг режали текширувда бўлганида хабар топганини маълум қилди.
Ташиев ортидан унинг биринчи ўринбосари Қурбонбек Авазов, киберхавфсизлик маркази директори Даниэль Рисалиев ва Антитеррор маркази директори Элизар Сманов ишдан олинди. Абдукарим Алимбоев Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси (МХДҚ) раисининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилиб, Давлат чегара хизмати раиси этиб тайинланди. Унинг ўрнини Хавфсизлик кенгаши котиби лавозимида ишлаб келаётган Рустам Мамасадиқов эгаллади.
2020 йилдан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг 9-хизмати бошлиғи ва раис ўринбосари лавозимида ишлаб келган Жумгалбек Шабданбеков Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси вазифасини вақтинча бажарувчи этиб тайинланди.
Шунингдек, шу куннинг ўзида Чегара хизмати давлат қўмитаси таркибидан чиқарилди.
Жапаров ва Ташиев тандеми
Маълумот учун, Қамчибек Ташиев 2020 йил 16 октябрь куни Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинланган эди. Фармонни 2020 йил 5–6 октябрь воқеаларидан сўнг президент вазифасини бажарувчи сифатида Садир Жапаров имзолаган.
Қамчибек Ташиев ва амалдаги Президент Садир Жапаров ўртасидаги кўп йиллик муносабатлар мамлакатдаги энг барқарор ва таъсирли сиёсий иттифоқлардан бири сифатида баҳоланиб келган. Уларнинг ҳамкорлиги ҳокимият тепасига келишидан анча олдин бошланган: 2010 йиллар бошида улар бир неча бор сиёсий жараёнларда бир томонда бўлган, 2012 йилдаги умумий жиноий эпизодни ҳам бирга бошдан кечирган, бу эса уларнинг шахсий яқинлигини янада мустаҳкамлаган.
2020 йил октябрь воқеаларидан сўнг тандем якуний шаклга келди: Садир Жапаров Президент лавозимини эгаллади, Қамчибек Ташиев эса МХҚ раҳбари этиб тайинланиб, куч блокининг асосий таянчига айланди. Айнан у энг шов-шувли ишларни назорат қилган, куч сиёсатини шакллантирган ва амалда Президент жамоасининг энг яқин ишончли шахсларидан бири бўлиб келган.
Экспертлар орасида уларнинг иттифоқи кўпинча мамлакатдаги энг мустаҳкам сиёсий дуэт деб аталарди, Қамчибек Ташиев атрофидаги ҳар қандай кадр ўзгаришлари эса ҳокимият конфигурациясидаги жиддий ўзгаришлар белгиси сифатида қабул қилинар эди.
Сўнгги пайтларда сиёсий доираларда махсус хизмат раҳбарининг бўлажак Президент сайловларида иштирок этиши мумкинлиги ҳақида миш-мишлар тарқалган эди. Қамчибек Ташиев эса бир неча бор президентлик пойгасида қатнашмоқчи эмаслигини ва Садир Жапаровни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
Live
Барчаси