Қалбаки дори сотган фельдшер ушланди

3-саҳифа

image

Наманган вилоятида қалбаки дори воситаларини тайёрлаш ва сотиш билан шуғулланган тиббиёт ходими ушланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди. 

Билдирилишича, ДХХнинг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан божхона ва ички ишлар органлари билан ҳамкорликда тезкор тадбир ўтказилган. Унда Чортоқ туман Тиббиёт бирлашмасининг тез ёрдам бўлимида фельдшер бўлиб ишловчи шахс “Зодак”, “Анаферон”, “Хилак Форте” ва “Витамин В6” номли дори воситаларини қалбакилаштириб, сотиш билан шуғулланиб келгани аниқланган. 

Ушбу шахс минг дона қалбаки “Зодак” дори воситасини Андижон вилоятига сотиш мақсадида олиб кетмоқчи бўлган вақтида қўлга олинган. Шунингдек, унинг хонадонида дори воситалари ишлаб чиқариш учун мўлжалланган яширин цех борлиги аниқланган. У ердан ҳам 763 дона “Анаферон”, 2 минг 125 дона “Зодак”, 4 минг дона “Витамин В6” дори воситалари, 570 дона номсиз флаконларда сироплар, дори воситаларини қадоқлашда фойдаланиладиган флаконлар, қутилар, йўриқнома ва ёрлиқлар топилган.

Бундан ташқари, гумонланувчи шахс ушбу дориларни сақлашда қариндошининг уйидан омбор сифатида фойдаланган. Ушбу хонадондан ҳам сотиш учун тайёрлаб қўйилган 120 дона “Зодак”, 260 дона “Анаферон”, 96 дона “Хилак Форте” ҳамда 313 дона номсиз флаконларда сироп ҳолдаги дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштириб олинган.

ДХХ берган маълумотларга кўра, ушбу шахс ноқонуний фаолият билан 2023 йилнинг сентябрь ойидан буён шуғулланиб келган. Уни дори воситалари билан Андижон вилоятида яшовчи фуқаролар таъминлаб турган. Яширин цех шароитида тайёрланган дори воситалари, асосан, Андижон, Фарғона ва Тошкент шаҳарларидаги дорихоналарда сотувга чиқарилган.

Ҳозирда ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 186-3-моддаси 2-қисми “б” ва “е” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, мазкур шахсга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ қалбаки дори воситаларини тайёрлаб, Андижон шаҳридаги туғуруқхоналар, шифохоналар, хусусий клиникалар ҳамда Самарқанд, Бухоро, Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Фарғона вилоятлари ва Тошкент шаҳрига етказиб берган гуруҳ ушланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Наманган фельдшер Қалбаки дори

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made